Бош прокурор маҳаллий ҳокимликлардаги коррупция ҳолатларини очиб ташлади
Жамият
−
10 Ноябрь 2020
13694Ўзбекистонда ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34 822 гектар ер майдони қонунга зид равишджа ажратиб берилган. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган коррупция ҳолатлари, кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилишда маълум қилинди.
Мажлисда ер ажратишда ноқонуний сотиш, ундан фойдаланишда коррупция, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги муҳокама қилинди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга кўра, 967 та ҳолатда 34 822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган. Жумладан, Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21 493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилингани аниқланган.
Шунингдек, Жондор тумани ҳокими жорий йилнинг 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмаса-да ноқонуний ажратиб берган.
Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган.
Хусусан, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. “Оққуш ҳалол парранда” жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида, қўлга тушган.
Бундан ташқари, шу каби, ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари З. 5 минг, Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги уй-жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олгани учун қонун олдида жавоб берган.
Бош прокурор айрим ходимларнинг тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан таъмагирлик йўли билан пул ундираётганини танқид қилди ва мисол тариқасида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бўлим бошлиғи И. Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 млрд сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам бергани учун 2 минг доллар талаб қилиб олганини урғулади.
Шунингдек, Йўлдошевга кўра, бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.
Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини “ноль” харид қийматида қўлга киритган.
Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн сўмга сотиб юборган.
LiveБарчаси