Бош прокурор банклардаги уюшган жиноий гуруҳлар ҳақида маълумот берди

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида коррупция ҳолатлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Бош прокурор банк тизимида учраётган коррупция ҳолатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Qalampir.uz мухбири Феруза Нажмиддинова хабар бермоқда.

Йиғилишда банк тизимида маблағларни талон - торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинган.

“Ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Масалан, Халқ банки ва Микрокредитбанкда бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахсдан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган”, деди Бош прокурор.

Маълумотларга кўра, уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет  маблағини талон - торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб,  хорижга олиб чиқиб кетилган. 

Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган. 

“Бундан ташқари, Э. Халқ банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон - торож қилган.

“Микрокредитбанк”ка раҳбар этиб тайинланганда эса, ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебель жиҳозларини 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

Маълум қилинишича, ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

"Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон - торож қилинган", деди Бош прокурор.

Масалан, “Миллий банк”нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағларидан 378 млн. сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция прокуратура

Баҳолаганлар

297

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг