Бош прокуратура департаменти ходимларини чув тушириб, тезкор тадбирдаги пулни олиб қочганлар қамалди
3-саҳифа
−
03 Январь
18096Бош прокуратура департаменти Навоий вилояти бошқармаси ходимларини алдаб, тезкор тадбирдаги пулни олиб кетганлар қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, 1992 йилда туғилган судланувчи Ж.С. олдин ҳам бир неча маротаба судланган. Ж.С. хавфли рецидивист бўла туриб, 2024 йил 26 июнь куни департаментнинг Навоий вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. У ўз мурожаатида “Феруз” исмли шахс ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ж.С.нинг мурожаат юзасидан департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аризачи жиноий шериги 1996 йилда туғилган иккинчи судланувчи Ш.И. билан бошқарма махсус кассасидан процессуал тартибда тақдим қилинган 700 АҚШ доллари ва махсус овоз ёзиш мосламасини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган ҳамда тезкор тадбир учун берилган пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
2024 йилнинг 6 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида бўлиб ўтган судда Ж.С. айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, дастлабки терговдаги кўрсатувларини тасдиқлаган. У 2024 йилнинг апрель-май ойларида Ш.И. билан танишиб қолгани, шундан сўнг у билан алоқалари яхшиланиб, борди-келди қила бошлагани ҳамда ўша вақтларда фарзанди касаллиги туфайли Ш.И.дан пул топиш бўйича маслаҳат сўраганини айтган. Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг Ш.И. департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ходими С.Х. билан таништириб қўйган. Ш.И. эса департамент билан алоқаси яхши экани, департамент орқали пулни олиш мумкинлигини таклиф қилган.
“Департаментнинг Навоий вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, гўёки ўйлаб топилган шахс томонидан ундан ноқонуний тарзда пул талаб қилгани ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраши ҳақида йўл кўрсатди. У ёлғондан аудиоёзув қилиб департаментга тақдим қилишимни ҳамда тадбир давомида берилган пул маблағларини олиб воқеа жойидан кетиб қолишимни, шунда департамент ходимлари пулларни ўзлари тўлашини маълум қилди”, деган Ж.С. судда.
Ўйланган режага асосан Ж.С. департаментнинг Навоий вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Унга белгиланган тартибда тезкор тадбир учун 700 АҚШ доллари ва овоз ёзиб олиш қурилмаси тақдим қилинган.
Шундан сўнг департамент ходимлари ва холислар иштирокида белгиланган жойга борганда Ж.С. телефонини ўчириб, воқеа жойидан яширинган. Унга тадбир учун берилган пулни ва овоз ёзиб олиш мосламасини ўзи билан олиб кетган.
Шунингдек, Ж.С. судда Навоий шаҳридаги 17-мактаб ёнида Ш.И. билан кўришиб, ўша ердаги дўкондан долларни сўмга алмаштириб чиққани, 100 долларига кийим олгани, қолган 400 долларни банкоматдан сўмга айлантириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини айтган. Ш.И. ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Суд ҳукми билан Ж.С. Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 237-моддаси (Ёлғон хабар бериш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Судланувчи Ш.И. эса ушбу моддалар билан 2 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унга ҳам жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ИИБ биносида судланувчининг акасини калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходими 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси