Борис Жонсон 59 ёшда саккизинчи марта ота бўлди
Олам
−
11 Июль 2023
9396Буюк Британиянинг собиқ бош вазири 59 ёшли Борис Жонсон саккизинчи марта ота бўлди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Қайд этилишича, собиқ бош вазирнинг рафиқаси Кэрри Жонсон ўзининг Instagram саҳифаси орқали фарзандли бўлганини ва чақалоққа қандай исм қўйишганини маълум қилган.
35 ёшли Кэрри хоним Фрэнк Алфред Одиссей исмли ўғлининг суратларини ҳам баҳам кўрган.
“Бир ҳафталик Фрэнки. 5 июль куни соат 09:15 да туғилган Фрэнк Одиссей Жонсон, дунёга хуш келибсан”, деб ёзади у.
Собиқ сиёсатчининг аёли, шунингдек, Борис Жонсоннинг қадимги юнон афсоналарига қизиқишига ишора қилиб, “эрим қандай исм танлаганини тахмин қилиб кўринг-чи?” дея ҳазиллашган.
Маълумот учун, 59 ёшли Жонсон Лондондаги Баллиол коллежида классик адабиётни ўрганган бўлиб, у ўғли учун танлаган Одиссей исми қадимги юнонистонлик Гомернинг шу номдаги достони бош қаҳрамони шарафига қўйилган.
Фрэнк Одиссей Кэрри ва Борис Жонсоннинг учинчи фарзанди ҳисобланади. Собиқ бош вазир аввалги турмушида Марина Уилердан яна тўрт нафар фарзанд кўрган бўлса, Ҳелен Макинтайр исмли санъатшунос аёлдан никоҳсиз қизи борлиги айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Борис Жонсон коронавирусга чалинганида Лондондаги Сент-Томас шифохонасида даволанган ва унга ғамхўрлик қилган шифокорнинг шарафига ўғлига Николай деб исм қўйган эди.
LiveБарчаси