Боливияда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
20 Июнь 2386 2 дақиқа
Бугун, 20 июнь куни Боливия Президенти Родриго Пас мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари фонида фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Президентнинг сўзларига кўра, ушбу қарор акция иштирокчилари томонидан тўсиб қўйилган ва транспорт тизимининг нормал ишлашига, шунингдек, тиббий ёрдам кўрсатилишига тўсқинлик қилаётган йўлларни очиш мақсадида қабул қилинган.
Давлат раҳбари йўлларнинг тўсиб қўйилиши аҳолининг кундалик ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатаётганини, ишга бориш, таълим олиш, биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни сотиб олиш ва оилаларни боқиш имкониятларини чеклаб қўяётганини қайд этган.
“Фавқулодда ҳолат оддий ҳаётни издан чиқариш учун эмас, балки уни қайта тиклаш учун жорий этилди. Ҳукумат эшиклари холис ва самимий мулоқот қилишни хоҳловчилар учун очиқлигича қолади. Боливия йўлларни қайта очиши, маҳсулотлар етказиб берилишини кафолатлаши ва нормал ҳаётга қайтиши зарур”, деб ёзди Пас ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Маълумот учун, Боливиядаги норозилик намойишлари ўтган ойдан бери давом этмоқда. Йўлларни тўсиб қўйиш ва умумий иш ташлаш ўтказиш ҳақидаги қарор 1 май куни қабул қилинган. 15 май куни пойтахт Ла-Пасда бир неча минг намойишчи Президентнинг истеъфосини, меҳнат шартномаларини қайта кўриб чиқишни, ёнилғидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ва ер ресурслари тўғрисидаги қонунни бекор қилишни талаб қилиб кўчаларга чиққан. Намойишларни мухолифат ва собиқ президент Эво Моралес ҳам қўллаб-қувватлаган.
“El Deber” газетасининг хабар беришича, Боливия расмийлари ва касаба уюшмалари аллақачон келишувга эришган, бироқ унинг тафсилотлари ҳозирча ошкор қилинмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боливия пойтахтида ўнлаб масхарабозлар норозилик намойишига чиққани ва ҳукуматни уларни даромаддан маҳрум қилаётганликда айблагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси