Болгарияда Президент конституцияни ўзгартиришга қарши чиқди
Олам
−
08 Январь
3647Болгария Президенти Румен Радев янги йил арафасида мамлакат парламенти депутатларининг кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.
Радев икки фуқаролиги бўлган шахсларга депутат ва вазир бўлиш ҳуқуқини берувчи, техник ҳукуматни тайинлашнинг янги тартибини ва турли қонун чиқарувчи органларнинг ваколат муддатини ўзгартиришни назарда тутувчи қабул қилинган тузатишларни конституцияга зид деб ҳисоблайди.
Шунингдек, конституциянинг ўзгартиришлар киритилган вариантидаги “Суд ҳокимияти” бобида Олий суд раислари ва бош прокурорни тайинлаш давлат раҳбарининг фармонисиз амалга оширилиши назарда тутилган. Президент бунга ҳам қарши чиққан.
Радевнинг фикрича, парламент томонидан қабул қилинган ушбу тузатишлар қонунчиликка зид келади ҳамда асосий ҳокимият ва ўзаро назорат ўртасидаги мувозанатни бузади.
Яқин кунларда мухолифатдаги “Уйғониш” ва “Шундай халқ бор” партиялари вакиллари баҳсли қонунни бекор қилишни талаб қилиб, Конституциявий судга шикоят қилишлари кутилмоқда.
LiveБарчаси