Болгария 2026 йилда еврога ўтади

Олам

image

Еврокомиссия ва Европа марказий банки Болгариянинг 2026 йил 1 январдан бошлаб евро купюрасига ўтишини маъқуллади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Бугун, 4 июнь куни эълон қилинган қарорга кўра, Болгария ҳукумати еврога аъзо бўлиш учун зарур бўлган барча мезонларга жавоб берган.

“Бугун Болгария еврони қабул қилишга бир қадам яқинлашди”, дея ушбу қарорни изоҳлаган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Унга кўра, Болгария евро ҳудудининг асосий қарорларида ўз ўрнини эгаллай бошлаган.

Европа марказий банки бош иқтисодчиси Филип Лейннинг таъкидлашича, Болгария ҳукумати сўнгги йилларда зарур иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган.

Дастлаб Болгария юқори инфляция туфайли еврога ўта олмаган эди. Аммо 2024 йилда мамлакатдаги инфляция даражаси 2,7 фоизни ташкил этган – бу евро ҳудудига кириш учун қўйилган барқарор нархлар мезонига яқин кўрсаткичдир.

Агар якуний қарорни Европа Иттифоқи молия вазирлари июль ойида тасдиқласа, Болгария 2026 йил 1 январдан бошлаб евро ҳудудининг 21-аъзо давлати бўлади. Шунингдек, у евро ҳудудидаги энг камбағал давлат мақомига эга бўлади.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Болгарияда расмий пул бирлиги сифатида болгар леви ишлатилади. Лев биринчи марта 1881 йилда муомалага киритилган бўлиб, бу ном эски болгар тилида “шарқий шер” деган маънони англатади. Лев 100 стотинкага бўлинади ва унинг валюта коди БГН ҳисобланади.

Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврларда Болгария иқтисодиёти бир неча бор инфляцияга учраб, миллий валюта ўз қийматини йўқотди. Айниқса 1990 йилларда, Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан юзага келган иқтисодий танглик даврида лев кескин қадрсизланди. Оқибатда 1997 йилда мамлакатда оғир молиявий инқироз рўй берди.

2020 йилда Болгария Европа марказий банкининг валюта курси механизмига қўшилди, бу эса мамлакатнинг еврога ўтишга тайёргарлик босқичларидан биридир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина жаҳон савдосининг тарқоқлиги ва Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш фонида АҚШ долларидан еврога ўтиш имкониятини кўриб чиқаётганди.


Мақола муаллифи

Теглар

евро Болгария

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг