Боласини жароҳатлаган онага жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
27 Декабрь
1900Сурхондарё вилоятида боласига жисмоний зўравонлик қилиб, тан жароҳати етказган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсмани котибиятига Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро И.Қ (эркак)нинг мурожаати келиб тушган.
Мурожаатда И.Қ. (эркак) оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Ф.Т. (аёл) билан бирга яшамаётгани, турмуш ўртоғи томонидан 2009 йилда туғилган фарзанди З.Д.га (қиз бола) нисбатан бир неча маротаба жисмоний зўравонлик қилиниб, тан жароҳати етказилганини билдирган.
Аниқланишича, она аввал ҳам қизига тан жароҳати етказгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
“Бунга қарамай, зўравонлик яна давом этаётганини билдириб, ота фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва турмуш ўртоғи Ф.Т.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани сўрови асосида Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, Термиз шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида (суд-тиббиёт экспертизаси хулосаси асосида) аёл вояга етмаган фарзандини уриб, тан жароҳати етказгани аниқланган.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни аёлга Жиноят кодексининг 126-моддаси 1-банди (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида вояга етмаган фарзандига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
LiveБарчаси