Боласи сиропдан вафот этган гамбиялик оилалар ҳинд компаниясини судга берди
Олам
−
01 Июль 2023
5106Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган заҳарли йўтал сиропларидан вафот этган 20 нафар гамбиялик боланинг қариндошлари ҳинд дори ишлаб чиқарувчиси Maiden Pharmaceuticals ва Ғарбий Африка мамлакатидаги маҳаллий ҳокимиятни судга берди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Ҳали оммага эълон қилинмаган ариза ўтган йили Гамбияда ўткир буйрак жароҳати туфайли камида 70 бола, асосан чақалоқлар ва болалар вафот этганидан кейин товон ва адолат учун курашда янги жабҳа очади”, дейилади хабарда.
Ариза кеча, 30 июнь куни Гамбия Олий судига тақдим этилган. Унда оилалар ҳар бир бола учун тахминан 250 минг доллар товон пули талаб қилган, бу эса вакили бўлган 20 нафар бола учун тахминан 5 миллион долларни ташкил этади.
Шунингдек, оилалар Гамбия Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дори воситаларини назорат қилиш агентлиги ва ифлосланган дориларнинг маҳаллий дистрибютори Atlantic Pharmaceuticals компаниясини судга бермоқда.
Гамбия суд ҳокимияти вакили даъво қўзғатилганини тасдиқлаган.
"Оилаларнинг бошидан кечирганларини ҳис қилиш учун фарзандли бўлиш шарт эмас. Бу энг даҳшатлиси", дейди иш бўйича бош маслаҳатчи Лоубна Фараж.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 2022 йилда Ўзбекистонда 20 нафар бола вафот этганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабридаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шу билан бирга, 20 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур компания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилган. “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланган. Яқинда “Док-1 Макс” йўтал сиропини ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дори воситалари учун саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15