Болаларга зўравонлик бўйича 19 та жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
18 Февраль 1058 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йилда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 19 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова маълум қилди.
Болалар омбудсмани маърузасига кўра, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1934 та мурожаат келиб тушган.
Ҳисобот йилида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 та фуқаролар билан мулоқот қилиниб, уларнинг 98 та мурожаати кўриб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан жами 36 та таъсир ҳужжати – 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Қолаверса, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган.
Шунингдек, интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик юзасидан 23 та жиноят ва 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Маърузада келтирилишича, ўтган даврда боланинг моддий таъминоти юзасидан жами 403 млн 745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган. 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат божи ва бошқа тўловларсиз ID-карталар расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, 20 нафар имконияти чекланган болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга реабилитация, психологик-педагогик коррекция хизматлари ташкил этишда кўмаклашилган. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 45 нафар бола эса Ўзбекистон Республикасига қайтарилган.
Муҳокамалар давомида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари йил давомида 45 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда иштирок этганига алоҳида эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда педофилларга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлиги айтилган эди. Кейироқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилишни маъқуллади.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль