Ўзбекистонда педофилларга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин
Жамият
−
24 Январь 3445 2 дақиқа
Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кутилмоқда. Бу ҳақда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури” лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Жумладан, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кутилмоқда.
Вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилиш прокуратура органларининг мутлақ ваколатига ўтказилади. Вояга етмаган шахслар, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ҳамда кўришга махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахсни унаштирганлик учун унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, ноқонуний никоҳни тарғиб қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланади.
Оила ва хотин-қизлар масканларида ёш никоҳланувчиларни махсус ўқитиш дастурлари самарадорлиги оширилади. Ёш никоҳланувчиларнинг камида 40 фоизи махсус ўқитиш дастурлари билан қамраб олинади, психолог, ҳуқуқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш орқали оилавий зўравонликка қарши курашиш чоралари кўрилади. Мазкур нормалар 2026 йил 1 апрелдан жорий этилиши белгиланган.
Live
Барчаси