Бобожонов: “2020 йилда ИИБ ходимлари 5 фуқарога зўравонлик қилгани аниқланди”

Жамият

image
Чиройли ҳисоботлар ортидаги қийноқлар: Андижон ва Чироқчи воқеаси тасодиф эмас north_east

Чиройли ҳисоботлар ортидаги қийноқлар: Андижон ва Чироқчи воқеаси тасодиф эмас

2020 йилда бевосита вазирликнинг ўз хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун материаллар прокуратура идораларига юборилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Суҳбат давомида Бобожонов Андижон ва Чироқчида юз берган ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтди ҳамда бу жиноятларни кечириб бўлмаслигини таъкидлади.

“Жорий йил 30 майда Андижон шаҳрида, январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар кечириб бўлмас ҳолатдир. Бу тизим шаънига катта доғ туширди.

Уларнинг хатти-ҳаракати – халқнинг кенг муҳокамасига, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига ва тизимда ҳалол ишлаётган минглаб ходимлар меҳнатини пучга чиқаришга сабаб бўлди”, дейди ИИВ раҳбари.

Бобожонов агар ички ишлар бўлимига олиб келинган шахсга нисбатан жароҳат етказилганлиги аниқланса, бу фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланишини ва зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилишини қўшимча қилди.

“Илгари бундай салбий ҳолатлар оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмасди, аҳоли хабардор этилмасди ва бу бизнинг фаолиятимизга холис баҳо беришга қайсидир маънода тўсқинлик қиларди.

Ички ишлар органлари ходимлари орасида, афсуски, ўзиникини тўғри, деб билиб, нотўғри йўлдан бораётган, ўз манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўядиган, адашган ходимлар ҳам учрамоқда. Бундайларни аниқлаб, тизимдан бўшатяпмиз, уларнинг раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар кўряпмиз.

Хусусан, жорий йилда бевосита вазирликнинг ўз хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун материаллар прокуратура идораларига юборилди”, дея кўрилган чоралар ҳақида маълумот бериб ўтди вазир.

Жорий йилнинг ўтган даврида Ички ишлар вазири, вазир ўринбосарлари, вазирликнинг соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳар бири жойларда икки-уч марта энг қуйи бўғинда хизмат қилаётган сафдор ходимларгача бўлган даражадаги шахсий таркиб билан тарбиявий-профилактик йиғилишлар ўтказган.

“Тадбирларнинг якуни бўйича хизмат интизомини бузувчи 822 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари меҳнат жамоалари ва ходимларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирокида кўриб чиқилди. Натижада 173 нафари тизимдан бўшатилди, 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 65 нафар раҳбарлар ротация қилиниб, бошқа лавозимларга ўтказилди.

Шу билан бир қаторда ўзининг кундалик хизмат фаолияти давомида бошқарларга намуна бўлиб келаётган ходимларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурномалар эълон қилинди. 

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўймаслик мақсадида барча ички ишлар органларида жами 473 та алоҳида махсус хона ташкил этилди. Ҳозирда уларнинг барчаси узлуксиз ишлайдиган видео ва овоз ёзиш мосламалари билан таъминланган.

Эндиликда ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир фуқаро билан фақат шу хонада суҳбат ўтказилиши ва сўроқ қилиниши ҳамда ушбу жараён видеокамераларга узлуксиз ёзиб олиниши қатъий белгилаб қўйилди. Бу ишлар учун жойлардаги ички ишлар органининг биринчи раҳбари ва тергов бўлими бошлиғи шахсан масъул этиб белгиланиб, жараён қаттиқ назоратга олинди”, дейди Пўлат Бобожнов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда амалиётда учраётган муаммолар ҳамда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш натижасида, тергов сифатини ошириш мақсадида ёш терговчиларни камида икки ой давомида суд амалиётини ўташ тартиби жорий этилмоқда. Натижада терговчи суд муҳокамасида юзага келаётган муаммоли вазиятларни ўз кўзи билан кўриб, келгусида терговни ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб боришда эътиборга олиши лозим бўлган барча жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади. Муҳими, мазкур амалиёт процесс иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш учун замин яратади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирларида Андижон шаҳрида ИИБга ўғрилик айблови билан олиб келинган фуқаро қийноққа солиниб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Орадан икки ҳафтага яқин шифохонада ётганидан сўнг вафот этди.

Бундан аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ИИБдан қийноққа солинган фуқаронинг ўлиги чиққанди. 

Ҳар икки ҳолат ҳам ўзбек сиёсий элитасининг диққатини терговчиларнинг бебошлиги ва терговдаги қийноқларга қаратганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пўлат Бобожонов тергов

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг