BMW, Mercedes, Porsche ходимлари иш ташлади
Олам
−
30 Октябрь
6275Германияда минглаб ишчилар маошини оширишни талаб қилиб, бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Тўрт миллионга яқин электротехника ва металлургия саноати ишчилари касаба уюшмаларининг иш ташлашлари Porsche, BMW, Mercedes ва бошқа йирик компанияларга таъсир кўрсатди.
“IG Metall касаба уюшмаси 29 октябрда Германия металлургия ва электротехника саноатида норозиликларнинг биринчи тўлқинини бошлади. Уларга, шунингдек, Volkswagen ва BMW автомобиль ишлаб чиқарувчилари ишчилари ҳам қўшилди. Кун давомида Германия бўйлаб иш тўхтатилди", дейилади хабарда.
IG маълумотларига кўра, Оснабрюкда Volkswagen заводининг 250 нафар ходими иш ташлашда иштирок этмоқда. Регенсбургда BMW заводи олдида плакат кўтарган ишчилар тўпланган.
Шунингдек, Ганновердаги аккумулятор ишлаб чиқарувчи Clarios компаниясининг 200 га яқин ходими норозилик намойишига чиққан. Хилдешеймдаги Jensen GmbH, KSM Castings Group, Robert Bossh, Waggonbau Graaff ва ZF CV Systems компанияларининг 400 га яқин ходимлари иш ташламоқда.
Ходимларнинг асосий талаби иш ҳақини етти фоизга, шунингдек, стажёрларнинг иш ҳақини 170 еврога оширишдир. Касаба уюшмаси бундай чораларнинг зарурлигини Германиядаги инфляция билан изоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Германияда транспорт ходимларининг кенг кўламли иш ташлаши бўлиб ўтган эди. Бу мамлакатда сўнгги 30 йилда содир бўлган энг йирик иш ташлаш саналган. Қайд этилишича, иш ташлаш EVG темирйўлчилар касаба уюшмаси ва Verdi касаба уюшмаси ташаббуси билан ўтказилганди. Иш ташлаш оқибатида Гамбург, Ганновер, Дортмунд, Дрезден, Дюссельдорф, Лейпсиг, Мюнхен, Нюрнберг, Франкфурт-на-Майн, Штутгарт, шунингдек, Кёлн-Бонн аэропортларидаги деярли барча рейслар бекор қилинган. Иш ташлашда Верди ходимларнинг иш ҳақини 10,5 фоизга оширишни ва ойига 500 евродан кам бўлмаслигини талаб қилган бўлса, EVG немис темирйўллари ходимларининг иш ҳақини 12 фоизга ошириб, камида ойига 650 еврога чиқаришни тарафдори бўлишган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси