БМТда Фаластин бўйича халқаро конференция бошланди

Олам

image

Кеча, 28 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Франция ва Саудия Арабистони қўшма раислигида Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва “Икки давлат ечими”ни амалга ошириш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция очилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш йиғилишда дунё оғир дамни бошдан кечираётгани ва икки давлатнинг пайдо бўлиши “ҳеч қачон бунчалик узоқ” бўлмаганини қайд этди.

“Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони ҳал қилиш мумкин. Бу сиёсий ирода ва дадил раҳбарликни талаб қилади. Аянчли воқеликни ҳисобга олган ҳолда, икки давлат қарорига эришиш учун кўпроқ иш қилиш керак ва бу воқеа камдан-кам учрайдиган ва алмаштириб бўлмайдиган имкониятдир”, деди Гутерриш.

Унинг айтишича, мазкур конференция босқинчиликка барҳам бериш ва ҳаётий икки давлат ечимига бўлган умумий интилишимизни рўёбга чиқариш йўлидаги қайтариб бўлмайдиган тараққиётни тезлаштирадиган ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин ва бўлиши керак.

Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафонинг айтишича, конференция фаластинликларга ўз заминида ҳаёт, эркинлик ва қадр-қимматга бўлган интилишларини, шунингдек, суверен давлат ҳуқуқини рўёбга чиқаришда дунё улар билан бирга экани ҳақидаги хабардир. Унинг айтишича, бу учрашув исроилликларга “тинчлик ва минтақавий интеграцияга йўл бор” деган хабардир.

Мустафо, шунингдек, ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳукмронлигини тугатиши ва қуролларини Фаластин маъмуриятига топшириши кераклигини айтди.

“Фаластин минтақавий ва халқаро кучларни барқарорлаштириш ва ҳимоя қилиш миссиясида иштирок этишга таклиф қилишга тайёр”, дея қўшимча қилди у.

БМТ штаб-квартирасида ўтказилган брифингда Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро конференциядан кўзланган асосий мақсад тинчлик ўрнатиш имкониятини аниқ баён этиш эканини таъкидлади. 

“Минтақадаги урушга муқобил “икки халқ учун икки давлат” режасини амалга ошириш, шундан кейин Исроил ва Фаластин тинчлик ва хавфсизликда яшайди”, деди у.

Жан-Ноэль Барронинг сўзларига кўра, 120 дан ортиқ давлат вакиллари конференцияда қатнашиб, Ғазонинг урушдан кейинги келажаги бўйича умумий қарашни маъқуллашни режалаштирмоқда.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд брифингда конференциянинг қайта тикланиши минтақадаги зўравонлик ва азоб-уқубатларга барҳам бериш йўли БМТнинг тегишли резолюциялари ва “тинчлик учун ер” тамойилига асосланган “икки халқ учун икки давлат” режасини амалда амалга ошириш эканлиги ҳақидаги кенг халқаро консенсусни акс эттиришини айтди.

“Ушбу можарога барҳам бериш, Фаластин давлатини барпо этиш ва минтақадаги барча халқларнинг хавфсизлиги ва суверенитетини таъминлайдиган мустаҳкам ва кенг қамровли тинчликка эришиш вақти келди”, деди у. 

Маълумот учун, Бош Ассамблея мазкур конфренцияни 2024 йилнинг декабрида чақиришга қарор қилганди. У ўтган ойда ўтказилиши керак эди. Бироқ Исроилнинг Эрон ҳудудига ҳаво ҳужумлари оқибатида Франция Президенти Эммануэль Макрон Нью-Йоркда ўтказилиши режалаштирилган Франция-Саудия конференциясини кечиктиришини эълон қилди. Ушбу конференция Фаластин давлатини барпо этиш бўйича янги “йўл харитаси”ни тақдим этиши керак. Режа, шунингдек, Исроил учун хавфсизлик кафолатлари ва уни араб мамлакатлари билан чуқурроқ интеграцияга олиб келишни ҳам кўзда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция БМТ Фаластин Саудия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг