БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг ялтироқ баёнотларига ишонадими?
Интервью
−
16 Март 2023
10425Фолькер Турк – австриялик адвокат ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ходими. У узоқ йиллар давомида БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигида турли лавозимларда фаолият юритган. 2015-2019-йилларда, ҳатто, ўринбосар лавозимигача кўтарилган.
2022 йилнинг сентябрида эса биз сизга таништириб ўтаётган Фолькер Турк Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш тавсияси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари этиб тайинланди.
13 март куни Фолъкер Турк бошчилигида делегация Тошкентга етиб келиб,15 март куни эса Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Қолаверса, шу куннинг ўзида Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари раҳбарияти билан музокаралар ўтказган.
Музокаралардан сўнг, Фолькер Турк БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказиб, анжуман давомида Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари қай даражада таъминлангани, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ва эришилган ютуқлар ҳақида гапириб ўтди.
“Ўзбекистонга мерос бўлиб қолган сиёсий тузилмалар инсон ҳуқуқларини эътиборга олмаган. Сўнгги олти йил ичида бу тубдан ўзгарди. Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг кўламли соҳаларда муҳим ҳуқуқий ислоҳотларни ўз ичига олди: пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш; 76 000 дан ортиқ аввал фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш; Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан 500 дан ортиқ аёл ва болаларнинг қайтариб олиб келиш ва қайта интеграциясини таъминлаш. Мен бошқа давлатларни ҳам ўрнак олишга чақираман. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва менинг Идорам билан турли масалалар, жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш бўйича мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу ҳафтадаги ташрифим давомида мансабдор шахслар ўз олдиларида турган вазифаларнинг кўлами ҳақида гапиришди. Шунингдек, улар ўзларига мерос қолган қийинчиликларга ҳам тўхталдилар. Ва унутмайлик, эски одатлардан қутулиш қийин. Вақт ўтиши билан инсон ҳуқуқларига оид тафаккур ва хатти-ҳаракатлар мамлакат тузилишига янада сингиб кетди. Ислоҳотлар тезлашди ва мен бу босқичма-босқич жараёнлиги ва ҳали олдинда иш кўп эканлигини яхши биламан. Ҳеч ким бу ўзгаришлардан четда қолмаслиги керак”, дея ўз таассуротлари билан бўлишди Фолькер.
Хўш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида бажарилаётган ишларни баҳолашда ўз мустақил кузатувларига таянадими ёки Ўзбекистон ҳукуматининг ялтироқ ҳисоботларига ишонади?
“Маълумотлар манбаси ҳақида гапирар эканмиз, бизнинг идорамиз яхши хабардорки, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳукуматнинг ҳам қатор қийинчиликлари бор. Улар ишонарли манбаларга таяниши лозим. Биз мана шу маълумотлар асосида қайси йўналишда вазият яхшиланди, қайсинисида ўзгармагани, қандай иш олиб бориш лозимлиги ҳақида таҳлил қиламиз. Биз расмий манбалардан ташқари бошқа манбаларга ҳам таянамиз, албатта. Олий комиссар сифатида барчага қулоқ солиш бу менинг вазифам ҳисобланади. Фуқаролик жамияти фаолларига, расмий шахсларга ва норасмий шахсларга ҳам, албатта, қулоқ солишим керак. Бунда биз кўприк вазифасини бажарамиз. Инсон ҳуқуқлари ҳам айнан шундан – эркин, шаффоф муҳит яратишдан иборат аслида”, дейди у.
Унинг айтишича, ташриф давомида у гапириш ва эшитиш қобилияти чекланган бир аёл билан учрашган. Ўзбекистонлик аёл эса унга мамлакатда ногиронлар ҳуқуқлари бўйича кўнглини чўктирган ва ҳафсаласини пир қилган муаммолар ҳақида айтиб берган.
“Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида марказий ўринни эгаллаши муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонга ташрифим чоғида мен бир ёш аёл билан учрашдим ва у имо-ишора тилидан фойдаланиб, кўнглини чўктирган ва ҳафсаласини пир қилган муаммолар ҳақида айтиб берди. Айни пайтда у умидлари борлигини ҳам билдирди. У инсон ҳуқуқлари соҳасида олган таълими унга инсон ҳуқуқлари одам сифатида қадр-қиммати белгиси эканлигини исботлаб, ўзини қадрлаш муҳимлигини кўрсатган. Ишоралар орқали, у: "Мен тизим ўзгариб, шунда мен каби ёшлар кўпроқ имкониятларга эга бўлишини хоҳлайман" деб изоҳ берди. Бош комиссар сифатида мен умид қиламанки, янги ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистон унга ва барча ўзбекистонликларга тўлиқ ва муносиб ҳаёт кечириш имкониятини беради. Унинг қатъияти мени кучли ҳайратда қолдирди ва мен ҳам унинг умидларига қўшиламан”, дейди Комиссар.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ мухбири Фолькер Туркнинг Ўзбекистонда ўқувчи ва талабаларга форманинг мажбурий тарзда жорий этилиши ва бу инсон ҳуқуқларига зид ё ундай эмаслиги ҳақида фикрига ҳам қизиқди. Бу саволга жавобан эса, у, болаларнинг бир хил кийиниши бу уларни бир хил даражага қўйишини айтди.
“Биламизки, юқори даромадли мамлакатларда бой оиланинг фарзандлари бор ва улар жуда мактабга қиммат кийиниб келади. Баъзи оилаларнинг эса бунга имконияти бўлмаслиги мумкин. Шунга кўра, масалан мактабларда форманинг бўлиши жуда ҳам тўғри қарорга ўхшайди. Бу ўқувчилар ўртасидаги бўшлиқни тўлдириши мумкин. Бу жамиятга боғлиқ. Жамият форма масаласида ўзи қарор қабул қилиши керак. Шуниннгдек, бу давлатнинг, жамиятнинг ривожланиш даражасига ҳам боғлиқ.
Агар жамиятда нотенглик жуда ҳам юқори даражада бўлса, бир хил формани жорий қилиш қанчалик таъсир қилишини билмайман. Лекин бу муҳим деб ўйлайман”, дея жавоб берди Фолькер.
Маълумот учун, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари 15 март кунининг ўзида Ўзбекитонга ташрифини якунлади.
LiveБарчаси