БМТ Украинада неча бегуноҳ одам ўлганини очиқлади
Олам
−
22 Февраль 2023
5780Украинада сўнгги 12 ой давомида юз берган можаролар оқибатида камида 8006 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 13 287 нафари яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк маълум қилди, дея хабар беради БМТ матбуот хизмати.
Кеча, 21 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОК) экспертлари Россия ва Украина ўртасидаги можаро бошланган 2022 йил 24 февралдан 2023 йил 15 февралгача бўлган даврда тинч аҳоли қурбонлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Улар қурбонларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкинлигини таъкидладилар – ҳали барча маълумотлар расман тасдиқланмаган.
ИҲОК маълумотларига кўра, жинси аниқланиши мумкин бўлган жабрланганларнинг 61,1 фоизи эркаклар, 39,9 фоизи аёллардир. Қуролли ҳаракатлар оқибатида 487 нафар бола ҳалок бўлди, 954 нафари яраланди.
“Бугун эълон қилинган бу рақамлар ўтган йилнинг 24 февралида Россия қуролли ҳужуми бошланганидан бери одамларга етказилган талафот ва изтироблар, декабрь ойида Украинага борганимда ўз кўзим билан кўрган уқубатлар ҳақида ҳикоя қилади”, дейди Турк.
Унга кўра, қишнинг совуқ ойларида электр ва сув етишмаслиги туфайли қарийб 18 миллион киши инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, 14 миллионга яқин киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Унинг таъкидлашича, кўпгина мактаб ўқувчилари ва талабалар таълим муассасаларига қилинган ҳужумлар туфайли ўқишни давом эттира олмади, кексалар ва ногиронлар эса катта қийинчиликларга дуч келди – уларнинг баъзилари бошпаналарга кира олмади ёки ертўлаларда узоқ вақт яшашга мажбур бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Олий комиссарига кўра, ҳали ҳам можаро зоналарида қолаётганларнинг аксарияти ўз уйларини тарк эта олмайдиган ёки истамайдиган кексалардир.
“Ҳар куни халқаро инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик қонунлари поймол қилинмоқда ва тобора кучайиб бораётган азоб-уқубатлар ва вайронагарчиликлар орқали тинчлик йўлини топиш қийинлашмоқда”, дейди Турк.
Ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг 90,3 фоизи кенг масофали портловчи қуроллар, жумладан артиллерия снарядлари, қанотли ва баллистик ракеталар ҳамда ҳаво бомбардимонлари қурбонларидир. ИҲОК шунингдек, миналар ва бошқа ўқ-дорилар портлаши оқибатида 219 киши ҳалок бўлган ва 413 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.
Қайд этилишича, тинч аҳоли ўз уйларида ва кўчаларда – озиқ-овқат ёки сув олишга борганларида ҳалок бўлган. Масалан Харьковда истиқомат қилувчи 67 ёшли Ольга уйи яқинида ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди – у сут сотиб олишга чиққан эди. Херсон яқинидаги қишлоқлардан бирида яшовчи 60 ёшли Сергей олти ёшли набирасининг оёғи артиллериядан ўққа тутилганига гувоҳ бўлган.
“Ольга ва Сергейнинг тақдири каби воқеалар фронтнинг иккала томонидаги одамлар тўлаши керак бўлган даҳшатли бадални эслатади”, дейди Турк.
Олий комиссар уруш ва инсоният азобларини тўхтатишга чақирди.
“Адолатни тиклаш, халқаро ҳуқуқ нормаларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш ва кучайтириш зарур. Шунингдек, жабрланувчилар ўзларига жуда зарур бўлган товон пуллари ва амалий ёрдамга эга бўлишлари ҳам муҳим”, дея қўшимча қилди Олий комиссар.