БМТ Россия ва Украинани дунё учун муҳим келишувни узайтиришга чақирди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина билан дон экспорти бўйича келишувларни узайтириш йўлида турган қийинчиликларни тушунади, лекин уларни енгиб ўтиш мумкинлигига ишонади. Бу ҳақда БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик кеча, 28 октябрь куни эълон қилган баёнотида айтилади.

“Украинадан ғалла ва ўғит экспортини осонлаштириш бўйича келишувларнинг дастлабки муддати 120 кунни ташкил этади. Агар томонлар эътирози бўлмаса, улар 19 ноябрь куни автоматик равишда узайтирилиши мумкин. Биз барча томонларни (Туркия, Россия ва Украина) келишувларни узайтириш ва уларнинг иккала қисмини тўлиқ амалга ошириш, шу жумладан, Россиядан ғалла ва ўғит экспорти йўлидаги қолган тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирамиз”, дейди у.

Дюжаррикнинг қўшимча қилишича, БМТ ушбу мақсадга эришиш учун барча томонлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тўлиқ содиқ. Ташкилот муаммоларни четда қолдирмасдан, уларни енгиб ўтишга ишонади.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг