БМТ махсус вакили Гаага трибуналини “Толибон”нинг жиноятларини текширишга чақирди

Олам

image

Буюк Британия собиқ бош вазири ва БМТнинг таълим бўйича амалдаги махсус вакили Гордон Браун Гаагадаги Халқаро жиноий судни “Толибон”нинг инсониятга қарши жиноятларини текширишга чақирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

“Толибон” аёллар ва қизларга нисбатан кенг кўламли дискриминацияни амалга ошириб, уларга университетлар, мактаблар, жамоат жойларига боришни ва ҳатто ҳамроҳсиз шунчаки кўчада юришни тақиқлайди”, дейди БМТ махсус вакили. 

Гордон Браун Британия ҳукумати ва иттифоқчиларини аёлларга нисбатан тизимли дискриминация ва репрессиялар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни таъқиб қилгани учун “Толибон” режимига қарши санкциялар жорий этиш орқали чора кўришга чақирган.

"Бу инсониятга қарши ҳақиқий жиноят ва бу жиноятларга алоқадор шахсларга қарши тергов ва чора кўришни талаб қилади", деган Браун.

Қайд этиш жоизки, 2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келганидан бери “Толибон” қизлар учун ўрта мактабларда ва университетларда дарсларни тўхтатган, университетларда аёлларнинг, шу жумладан профессор-ўқитувчиларнинг бўлишини тақиқлаган, барча миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда аёлларни ишдан бўшатишни буюрган. Ушбу қарорлар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқидларга сабаб бўлди.

Маълумот учун, ҳозирда Гаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путин ва бола ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани Украина урушидаги болаларни ноқонуний депортация қилиш айблови бўйича ҳибсга олиш учун ордер берилган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ  Афғонистондаги университет профессорлари, аёл ҳуқуқлари фаоллари ва дин арбоблари мамлакатда қизларнинг мактаб ва университетларда таълим олишини тиклаш учун “Афғон қизлари таълими” кампаниясини бошлаганди. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳомид Карзай эса Европа Иттифоқининг Афғонистондаги вакили билан учрашиб, мамлакатда таълимни ривожлантиришни илтимос қилганди. Ўтган ойда эса “Толибон” Қобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида гўзаллик салонларининг фаолиятини тақиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Буюк Британия Толибон БМТ Халқаро жиноий суд Гордон Браун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг