БМТ 2028 йилни Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилди

Олам

image

Халкаро ҳуқуқ нормалари бирин кетин поймол қилинаётган бир вақтда БМТ Бош Ассамблеяси 2028 йилни Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати ҳамда “Business Turkmenistan” хабар берди.

Резолюцияда халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш замонавий халқаро тизимнинг самарадорлиги, барқарорлиги ва қонунийлигини таъминлашнинг муҳим шарти экани таъкидланган. Давлатлар, БМТ тизими ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонларга 2028 йил давомида таълим, илмий ва маърифий тадбирлар ўтказиш таклиф этилган.

Ҳужжатда, шунингдек, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш ва юридик таълимни такомиллаштириш қўллаб-қувватланади. Ёшлар, илмий жамоатчилик, ҳуқуқшунослар ва фуқаролик жамияти институтларини халқаро ҳуқуқни тарғиб қилиш жараёнига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бош Ассамблея Туркманистоннинг 2028 йил декабрь ойида Халқаро ҳуқуқ бўйича глобал форум ўтказиш таклифини ҳам маъқуллаган. Ушбу форум Халқаро ҳуқуқ йилининг асосий тадбири бўлиб, давлатлар, БМТ тизими муассасалари, халқаро ташкилотлар, илмий жамоатчилик ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2009 йилдан бери илк бор Сурияга ташриф буюрган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг