Блинкен Кулебага қўнғироқ қилиб, далда берди
Олам
−
10 Октябрь 2022
5637Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 10 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан суҳбатда Вашингтон Киевга иқтисодий ва ҳарбий ёрдам беришда давом этишига ишонтирди.
“Мен ҳозиргина Дмитрий Кулеба билан гаплашдим. Бугун эрталаб Кремлнинг даҳшатли зарбаларидан кейин Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқладим. Биз Украина ўзини ҳимоя қилиши ва халқига ғамхўрлик қилиши учун унга иқтисодий, гуманитар ва ҳарбий соҳаларда ёрдам беришда давом этамиз”, деб ёзди Блинкен Twitter’да.
Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев маркази, Киев вилояти, Днепр, Ивано-Франковск, Харьков, Хмелницкий, Кировоград, Львов, Николаев, Суми, Тернопол, Винница, Запорожье ва Житомир вилоятларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 10 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган.
Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Россия Президенти Владимир Путин 10 октябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, энергетика ва алоқа объектларига оммавий зарба берилганини эълон қилди.
LiveБарчаси