Блинкен Фаластин-Исроил можароси кенгайиши таҳдидини эълон қилди
Олам
−
08 Январь
7550АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг фикрича, Фаластин-Исроил можароси кенгайиши мумкин. Бу ҳақда у Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Тани билан қўшма матбуот анжуманида баёнот берди.
“Бу осонликча метастаз бериши мумкин бўлган можаро, хавфсизликнинг янада бузилишига ва азоб-уқубатларнинг кучайишига олиб келади”, дейди Блинкен.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бошданоқ можаро кенгайишига йўл қўймасликка эътибор қаратган.
“Бу менинг 7 октябрдан бери [Яқин Шарқ] минтақасига тўртинчи ташрифимнинг асосий мавзуси”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Блинкеннинг сўзларига кўра, у ташрифи чоғида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис, Иордания қироли Абдулла II ва Қатар Бош вазири билан бўлган суҳбатларида шу масалани кўтарган.
“Биз барчамиз бу можаро кенгаймаслигини таъминлаш тарафдоримиз”, дея қўшимча қилган Америка ташқи сиёсат департаменти раҳбари.
4 январь куни Блинкен Исроил, Туркия ва бир қанча араб давлатларига ташрифларни ўз ичига олган Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлади. 2023 йил декабрида Axios манбаларга таяниб, Блинкен январь ойининг биринчи ҳафтасида Ғарбий Соҳилдаги, шунингдек, Исроил, Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони расмийлари билан Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилишни муҳокама қилиш ниятида эканлигини хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Блинкен Истанбулга етиб борган, эртаси куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашган ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўған қабулида бўлганди.
LiveБарчаси