Блэр Ғазони бошқарадими? Миср буни қўллаб-қувватламоқда
Таҳлил
−
22 Октябрь 3068 5 дақиқа
Ғазодаги оташкесим кучга кирган пайтда Дональд Трамп Яқин Шарққа йўл олди ва журналистларга Тони Блэрнинг Фаластин ҳудудининг келажагидаги эҳтимолий роли муҳокама қилинаётганини айтди.
“Менга Тони ёқади, у менга доимо ёққан. Аммо уни ҳамма қабул қила оладими-йўқми, шуни аниқламоқчиман”, деди АҚШ Президенти.
Блэрнинг Яқин Шарқдаги фаолияти, айтиш мумкинки, жуда баҳслидир. Унинг Ғазо уруши тугаганидан сўнг ҳудудни бошқаришда қатнашиши ҳақидаги Вашингтон таклифи араб дунёсида шубҳа ва ҳатто нафрат билан қарши олинди. Бироқ Мисрда бундай эмас. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Middle East Eye” ёзди.
Ўтган ҳафта Шарм-ал-Шайхда бўлиб ўтган саммитда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим келишувини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда Блэр Трамп ва бошқа жаҳон етакчилари билан бирга қатнашди.

У ерда уни Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси самимий қарши олди. Бу уларнинг илгари шаклланган яқин муносабатларини ва Британия собиқ бош вазирига очиқ қўллаб-қувватлаш ифодасини намоён этди.
Ҳокимиятни тарк этганидан сўнг, 72 ёшли Блэр ва унинг “Тони Блэр институти” (TBI) бир қатор ҳукуматларга маслаҳат хизматларини кўрсатиб келган. TBI 2014 йилда генерал Сиси Мисрнинг илк демократия йўли билан сайланган президенти Муҳаммад Мурсийни ағдарганидан сўнг Блэр унинг маслаҳатчиси бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Бироқ “Middle East Eye” нашрининг Миср Президенти маъмуриятидаги манбасига кўра, Блэр Мисрга ҳамда унинг иттифоқчилари – БАА ва Саудия Арабистонига маслаҳат берган.
“2014 йилда, Блэр БААга маслаҳат бериб турган пайтда – у ер Тони Блэр институти фаолиятини ҳам молиялаштиради – Абу-Даби уни Сиси ҳокимиятга келганидан сўнг Қоҳирага юборган. БАА Блэрнинг Мисрдаги фаолиятини молиялаштирган ва у Сисига кўплаб сиёсий ва иқтисодий маслаҳатлар берган, шунингдек, ҳукуматнинг Мурсий ағдарилганидан кейинги имижини яхшилаш бўйича стратегиялар ишлаб чиққан”, деди манба.
TBI вакилининг билдиришича, Блэр “БАА ёки бошқа бир давлатдан” Сисининг маслаҳатчиси сифатида ҳақ олмаган, “бироқ у йиллар давомида Сиси билан кўп марта учрашган”.
“TBI ҳозирда Мисрда фаолият юритмайди, аммо у ерда ишлашдан хурсанд бўлар эди”, деди институт вакили.
Сиёсий ислом душмани
Блэрнинг Миср ҳукумати билан муносабатлари ўзаро манфаатлар асосида қурилган: сиёсий исломга қарши кураш, Ғарб ва Кўрфаз мамлакатларидан маблағ жалб этиш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш.
“Блэр, асосан, Мусулмон биродарлар ҳаракатини, мухолифат кучларини ва оммавий ахборот воситалари таъсирини қандай бошқариш ҳақида маслаҳат берган, шунда Сисининг ҳукумати барқарор бўлиши мумкин эди”, деди манба.
Унинг сўзларига кўра, Блэр иқтисодий маслаҳатлар ҳам берган – Сисига Халқаро валюта жамғармаси (IMF) ва Европа Иттифоқи каби халқаро кредит ташкилотларидан қарз олишни тавсия қилган ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этган.

Манбанинг таъкидлашича, Блэрнинг роли расмий бўлган, яъни “соҳа орқали” эмас, аммо оммага эълон қилинмаган.
“Аввалига Блэр мустақил маслаҳатчи сифатида БАА томонидан маош олган. Энди эса у ўз институти орқали Миср ҳукуматига маслаҳат беради ва тўловни тўғридан тўғри Қоҳирадан олади”, деди манба.
Тони Блэр институти (TBI) эса унинг Мисрдан ёки бошқа давлатлардан ҳукумат маслаҳати учун ҳақ олганини рад этган.
Манбанинг таъкидлашича, Қоҳира Блэрнинг Ғазо учун таклиф этилаётган маъмурий кенгашни бошқаришига қаршилик қилмайди.
“Аксинча, Сисининг ҳукумати Блэрни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Блэр сиёсий ислом, жумладан, ҲАМАСнинг қатъий қарши турувчиси бўлиб, исломчиларни сиёсий ҳаётдан четлаштириш тарафдори”, деди у.
Ҳокимиятга келганидан бери Сиси собиқ президент Муҳаммад Мурсий аъзо бўлган Мусулмон биродарлар ҳаракатини тақиқлади ва сиёсий ислом таҳдидига қарши курашиш баҳонасида қаттиққўл чоралар кўрди.
“Сиси учун Блэр фақат иттифоқчи эмас, балки унинг аксидир: ҳар иккаласи ҳам сиёсий исломни беқарорликнинг илдизи деб ҳисоблайди. Уларнинг иттифоқи авторитар бошқарувга ғарбона, қонуний тус бермоқда – бунинг ҳаммаси экстремизмга қарши кураш шиори остида амалга оширилмоқда”, нашр билан гаплашган Қоҳирадаги сиёсий таҳлилчи.
Элчидан сиёсий воситачига айланган Блэр
Бош вазирлик даврида Тони Блэр АҚШ билан ҳамкорликда Ироққа Британия қўшинларини киритган эди – бу қарор минглаб одамлар қурбонига айланган қонли можарони ва унинг ҳалокатли оқибатларини келтириб чиқарди.
Даунинг-стритни тарк этгач, у Фаластин ва Исроил ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилди, аммо Яқин Шарқ тўртлиги (Middle East Quartet) элчиси сифатидаги миссияси самарасиз якунланди.
Шунга қарамай, Тони Блэр институти (TBI) орқали унинг халқаро майдондаги таъсири кенгайиб бораётгани ва исломий ҳаракатларга нисбатан идеологик позицияси Қоҳира ва унинг иттифоқчилари нега уни Ғазонинг ўтиш даврини бошқариш учун амалий танлов деб ҳисоблашини тушунтиради.
“Блэрнинг Ғазо масаласида яна саҳнага чиқиши тасодиф эмас – у ўзини замонавий Британия ҳукмдори, яъни “олий комиссардек” (1920–1925 йилларда Фаластинни бошқарган, баҳсли шахс сифатида танилган сионист Герберт Самуэль назарда тутилмоқжа) тутаяпти. Блэр Ғазо бошқарувида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда”, дейди Миср Президенти маслаҳатчиси.
У Блэрнинг яқинда Фаластин озодлик ташкилоти раҳбар ўринбосари Ҳусейн аш-Шайх билан учрашувини “оддий дипломатик мулоқотдан анча чуқур сиёсий аҳамиятга эга воқеа” деб атади. Учрашувдан сўнг Ҳусейн аш-Шайх Трамп, Блэр ва бошқа шериклар билан ҳамкорликка тайёр эканини билдирди, аммо уларнинг номларини ошкор этмади.
Миср Президенти маслаҳатчисининг таъкидлашича, янги ташкил этилаётган тузилма – Ғазо халқаро ўтиш бошқармаси (GITA) – Синай ярим оролидаги Ал-Ариш шаҳрида жойлашиши кутилмоқда.
“Бу Ғазо ва Миср ўртасида логистика ва хавфсизлик ҳамкорлигини таъминлайди, бу эса тикланиш босқичига йўл очади”, деди у.
Маслаҳатчига кўра, Қоҳира Ғазони тиклаш учун беш йиллик режа тайёрламоқда. Бу Мисрнинг Ғазо ҳудудини қайта қуришда етакчи ролни эгаллаш ва унинг сиёсий келажагида ўз таъсирини мустаҳкамлаш истагини акс эттиради.
Live
Барчаси