“Бизга бундай қаҳрамонлар керакмас”. Пригожиннинг дафн маросими махфий ўтиши буюрилган
Олам
−
31 Август 2023
11769“Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг дафн маросимини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни Россия Президенти маъмурияти махсус хизматлар билан биргаликда қабул қилган. Бу ҳақда “The Moscow Times” журналисти Пётр Козлов россиялик икки амалдорга таяниб хабар берди.
Журналист суҳбатдошларига кўра, дафн маросимининг формати масаласи Кремлнинг юқори мартабали амалдорлари ва ФСБ ходимлари иштирокидаги бир неча учрашувларда муҳокама қилинган. Улар қарорни ишлаб чиқишда Президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко иштирок этганини даъво қилмоқда.
“Пригожиннинг жасади бўлган тобут қабрга туширилганда, атрофда фуқаролар, ёлланма аскарлар ва хайрихоҳларнинг оммавий йиғинлари бўлмайди, шунингдек, трансляция ва фотосуратларга рухсат йўқ, деган топшириқ келган”, дейди амалдорлардан бири.
Журналистнинг яна бир суҳбатдоши айтишича, мамлакат раҳбарияти Пригожинни кечира олмаган.
“Пригожин ўзининг адолатли сўзлари, қўпол ва кўпинча тўғри сўзлари билан русларнинг ҳиссиётларини уйғотди ва улар учун расмий Россия Қаҳрамони эмас, балки халқ қаҳрамони бўлди. Бизга Москвага қарши чиққан қаҳрамонлар керакми? Йўқ”, дейди расмийлардан бири.
Билдирилишича, шу сабабли “Вагнер” асосчисининг дафн маросими жамиятда минимал резонанс билан ўтиши керак, деган қарор қилинган.
Пригожиннинг ўлими
Жорий йилнинг 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирган.
Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.
27 август куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Кеча, 29 август куни Пригожиннинг дафн маросими илгари кўплаб Россия қаҳрамонлари ҳарбий шараф билан дафн этилган Серафимов қабристонида ўнлаб журналистлар навбатчилик қилаётганда, Пригожиннинг дафн маросими бутунлай бошқа черков ҳовлисида – Пороховда жимгина ўтган. Унинг дафн маросимига Россия раҳбари Владимир Путин бормади.
LiveБарчаси