Бизга 3 ой керак – Абдуқодир Тошқулов олий таълимни ислоҳ қилишга ваъда берди
Жамият
−
11 Февраль 2021
9110Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 3 ой муддатда олий таълим муассасалари ректорларини қоғозбозликдан халос қилмоқчи. Бу ҳақда у Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлари йиғилишида айтиб ўтди.
“Мен вазирликка келиб, тўртта вилоятга борган бўлсам, уларнинг бирортасида маҳаллий ҳокимликлар ва ректорлар ўртасидаги муносабат мақтагулик эмас.
Мен бунгача оғир вилоятлардан бирида ишлаб келдим. Ана шу жойда 3 йил ректор бўлган бўлсам, 3 нафар вилоят ҳокими билан ишлашимга тўғри келди. Бунинг азобини бошидан ўтказган одам ҳозир тасаввур қиляпти. Қанчалик қийин. Шунинг учун биринчи масала – ҳурматли ректорлар, мавқейингизни қайта кўриб чиқинг.
Ректорлар ва директорлар қайси йиғилишларга бориши керак? Қайси йиғилишларга бормаслиги керак? Вазирлик бугундан бошлаб буни мувофиқлаштиради. Ҳукуматга хат киритамиз. Муносабатимизни билдирамиз”, деган вазир.
Тошқулов олий таълим тизими ва вазирлик ишида қоғозбозлик авж олиб кетганини айтиб, бунга қарши курашиши, барча ҳужжатлар максимал даражада электронлаштирилишини таъкидлади. Шунингдек, вазирлик ходимлари иш юритишни ўрганиш кераклиги ҳам қўшимча қилинди.
“Мен қисқа даврда вазирликда кўрган ҳолатларим ҳақида фикримни билдирмоқчиман. Қоғоз, қоғоз, қоғоз.
Бугун биз келишиб олдик ва керак бўлса, ўзим бошчилигимда Адлия вазирлигига бориб иш ўрганамиз.
Биз IT'дан фойдаланиш, вазирлик иш юритишини экспорт қилишимиз керак эди. Минг афсуски, ҳозирга келиб биз бориб ўрганишга мажбурмиз. Вазирликлар тизимида бир-икки олими бўлишини орзу қиладики, “олимлар бор жойда файз-у барака бўлади. Донишмандларча фикрлар, таклифлар бўлади, ишимиз яхши бўлади”, дейишади. Биз ҳаммамиз олиммиз, лекин вазиятни айтгулиги йўқ”, дейди Тошқулов.
Вазир сўзида давом этиб, ташкилотнинг ўзи жойлашган бино ҳам жуда эски ва аслида ўқув биноси эканига тўхталди. Тошқулов вазирлик ходимлари етарлича иш жойи билан таъминланмаганини ва бу муаммо қандай ҳал қилинишини айтиб ўтди.
“Ишларни ўзимизнинг вазирликдан бошлайман. Ўтирган биномиз 1979 йилда қурилган. Собиқ кинотехника техникумининг биноси. Бинонинг ертўласи йўқ. Биринчи қавати тўлиқ зах босиб кетган. Ходимлар “Pentium 4” компютерларини ишлатяпти. Қисқаси, ўзига яраша моддий-техник база. Ўзингиз ҳам келганингизда турмай қочишга ҳаракат қилгансиз, ўзим ҳам шундай бўлганман.
Биз ходимлар билан вазирлик биносини тўлиқ капитал таъмирлаш, ишлаш учун шароит яратиш, бунинг учун вазирликнинг ҳозирги биноси ёнидан 5 қаватли янги бино қуриш бўйича келишиб олдик.
Ҳисоб-китобга кўра, ҳозир вазирлик ходимлари нормага мос бўлмаган жуда қисқа ва тор жойда ишлаяпти. Тасаввур қилинг, битта кичик хонада 3–4 нафар одам ишлаяпти. Улар шунчалик қисилиб ишлашяпти.
Масалан, вазирликнинг ҳисоб-китоби бўйича бошқарма бошлиғи 1,5 метрли жойда ишлайди; қимирласа, бошида девор. Шунча пули ва имконияти бўлган тизим. У ўзига шароит, имконият қилмаса, қандай ишлайди?”, деган Тошқулов.
Шундан сўнг, у тизимдаги қоғозбозлик муаммосига эътибор қаратиб, ҳужжатлар электронлаштирилиши ва ректорлар қоғозлар билан кам ишлайдиган кунлар яқин эканини таъкидлади.
“Иккинчиси, қоғозлар масаласи. Қоғозни камайтиришга эришганимиз йўқ, энди эришамиз. Худо хоҳласа, ректор 3 ойдан кейин иложи борича қўлига қоғоз ушламайди. Электрон бўлади. Улар QR-код, электрон имзо билан ишлайди.
Уларга юқоридан вазифалар юборишда такрорланишлар жуда кўп. Ректорларга ҳозир вилоят ҳокимлигидан ҳам, вазирликдан ҳам бир хил хат боради. Ким уни мувофиқлаштиради?
Умуман, олий таълим муассасасида ишлаб, уларга нима ёқмаган бўлса, нимадан қийналган, нима эриш туюлган бўлса, ҳаммаси ислоҳ бўлади. Булар учун бизга атиги 3 ой вақт керак бўлади”, деди вазир.
Қайд этилишича, Вазирлик билан интеграция жуда паст ва суст. ОТМ ректори ёрдамчиси вазир ёрдамчиси билан қарийб гаплашмайди.
“Бугун мен вазирликда хоналарни айландим, халқаро бўлимга кирдим. “Нечта олий таълим муассасангизда бу бўлимда вакансия бор” десам билмайди. Нимани билади? Нима иш билан шуғулланади? Умуман шундай тизим бўлади — вазирлик ОТМлар аҳволини сўраб туради. Керак бўлса ҳар куни ахборот берасизлар. Вазият қандай, COVID билан касалланганлар йўқми, қурилиш бўлаётган бўлса, у қандай кетаяпти, дарс сифати қанақа — бугундан бошлаб мониторинг қиламиз” деди Абдуқодир Тошқулов.
Шу билан бирга қайси вилоятда қайси ОТМлар бир ҳафта мобайнида неча марта, неччи соат йиғилишга бориши ҳам қонуний белгиланади.
Аввалроқ, Абдуқодир Тошқулов ОТМлар талабаларининг ўзига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилинишини қоралаганди. У талабаларнинг ўқишдан бошқа ишларга жалб этилиши мажбурий меҳнатнинг бир тури эканини айтиб, бу ҳам расман тақиқланиши кераклигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси