Ўғил-қизим ва ота-онамдан уялдим — Қудбиев сўкинган аудиосига изоҳ берди
Жамият
−
25 Май 2021
21562Хабарингиз бор, Давлат солиқ қўмитаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевни солиқ органи ходимлари ҳақидаги мулоҳазалари учун судга бериб, ундан йирик миқдорда маънавий зарар ундиришга бўлган ҳаракати жамоатчилик томонидан жуда ҳам кескин норозиликка учради. Аммо кейинроқ бу масала томонларнинг келишуви билан судсиз ҳал этилди.
Кеча, 24 май куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Тошкент 5 ташаббус ҳаракати фестивалида иштирок этиб, ёшлар билан мулоқот қилди. Тадбирдаги иштирокидан кейин Қудбиев QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова билан суҳбатлашиб, халқнинг солиқчиларга ишончсиз муносабати, уларнинг ўз раиси томонидан ҳақоратга учраганда тегишли идораларга мурожаат қилмаганининг сабаби ҳақида фикрларини билдирди.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Халқ солиқчиларга у қадар ишонмайди. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз ва қаерда хато қиляпсизлар?
Шерзод Қудбиев, Давлат солиқ қўмитаси раиси: — Ўйлайманки, жуда кўп жойда хато қиляпмиз, катта камчиликларимиз бор. Энг катта камчилигимиз, ўзимизни ҳалигача кучишлатар идора деб ҳисоблаймиз. Лекин бу нотўғри. Биз кучишлатар идора эмас, хизмат кўрсатувчи идорамиз. Бекорга давлат солиқ хизмати дейилмайди. Биз солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишимиз керак. Катта хатолардан бири мана шу нуқтайи назардан ўзимизнинг дунё қарашимизни ўзгартира олмаётганимиз. Бу устида ишлашимиз керак. Иккинчи катта камчилигимиз, бизнинг маълумотлар базамиз ҳали мукаммал эмас. Биз ҳар бир солиқ тўлаш жараёнларини автоматлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Шунда ўзгариш бўлаверади, ҳамма буни сезишни бошлайди.
Ф.Н.: — Солиқ органи ходимлари мол-мулкини мажбурий декларация қилиш ҳақида гап бораётганди. Бу жараён қайси босқичда? Турли вазирлик ва ташкилот ходимлари ҳамда раҳбарлари мол-мулкни декларациялашни қачондан бошлайди?
Ш.Қ.: — Мен бошқа вазирлар тўғрисида жавоб беролмайман. Бу нотўғри бўлади. Давлат солиқ органлари ходимлари мана шу ташаббус билан чиқди ва биз буни, албатта, уддалаймиз. Бугун ўша қарор лойиҳаси Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Биз 2020 йилдаги мулкларимиз тўғрисида халққа ошкора маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз.
Ф.Н.: — Депутат Расул Кушербоевнинг мулоҳазалари солиқ органлари ходимларини ранжитди ва улар юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилишди. Сизнинг ҳам ходимларингизга нисбатан қўполлик қилганингиз аудиоси ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Улар ўз раҳбарининг қўпол муомаласини тўғри қабул қилиб, депутатнинг айтганларини юрагига яқин олганига қандай муносабат билдирасиз?
Ш.Қ.: — Бу саволни кутиб юргандим. Ичкарида беришса керак деб ўйлагандим. Бу жуда катта уят. Энг катта уят биласизми кимнинг олдида? Фарзандларнинг олдида. Улар ҳам эшитди-да бу нарсани. Ўғлим, қизим бор. Ота-онам эшитди. Бу жудаям хунук. Мен уларнинг олдида кечирим сўрашим керак. Лекин ўшанда ходим билан бўлган воқеанинг катта фарқи шундаки, шу нарсалар тарқалиб кетганидан кейин ва чиқиб кетгунча, нафақат шахсан қабул қилдим, балки пастга тушиб, Zoom улаб, барча ходимларнинг олдида ундан кечирим сўрадим. Расул Кушербоев билан бўлган воқеа ҳақида мен ҳам кейин билдим. Касаба уюшмамиз шу қарорга келибди. Бу саволни уларга берса тўғрироқ бўлади. Биринчи ҳолатда эса мен ўзимни тузатиб, ходимдан кечирим сўрадим. Балки шу ҳолат мени суддан қутқариб қолди, деб ўйлайман.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмагани, унинг ҳисоб рақамини ёпиб қўйилганидан ғазабланиб, ходимни ҳақорат қилгани ёзилган аудио тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қўмита раиси аудиоёзувдаги гаплар унга тегишли эканини тан олган, аммо бу бўйича бирор чора кўрилгани ҳақида хабар берилмаган.
LiveБарчаси