Биз дунё билан ижобий ҳамкорлик қилишга тайёрмиз – “Толибон”
Олам
−
24 Октябрь
3618Афғонистондаги “Толибон”муваққат ҳукумати энди дунё билан ижобий ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда муваққат ҳукумат ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққоний “The New York Times” га берган махсус интервьюсида сўз очди.
Нашрнинг ёзишича, Ҳаққоний ҳозирги Афғонистон ҳукумати бирлигини таъкидлаган ва ҳеч қандай бўлиниш йўқлигини қайд этган.
“Толибон” раҳбарияти ягона қонун ва ягона етакчига эга мустақил ҳукумат тузди. Ҳозир Афғонистон учун бирлик муҳим, шунда бизда тинч давлат бўлади”, деган у.
Нашрга кўра, “Толибон” ҳукумати дунё, жумладан, Ғарб билан муносабатларни ўрнатишда нозик чизиқда мувозанат сақламоқда. Ҳаққоний, шунингдек, Ғарбни энг кўп ташвишга солаётган масалага жавоб берган. Унга кўра, қизларнинг таълим олишига қўйилган тақиқ абадий давом этмайди.
“Ҳозирги вазият қизларга мактабга бориш ва таълим олишдан бутунлай воз кечишини англатмайди,” деди Ҳаққоний.
Бундан ташқари, у ИШИД ва “Ал-Қоида” томонидан мавжуд таҳдидларни тўхтатишга ваъда берган.
“Афғонистонда ҳеч қандай террорчилик гуруҳлари йўқ. Исломий Амирлик мамлакатнинг ҳар бир бурчагини назорат қилади”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ муваққат ҳукумат бош вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Кабир “Толибон” қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини маълум қилган эди.