Bitcoin нархи кескин “қулашда” давом этмоқда

Бу қизиқ

image

Бугун, 25 февраль куни Bitcoin нархи 5,5 фоизга пасайиб, 88 800 долларгача тушди. Бу эса ноябрь ўрталаридан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Охирги бир ой ичида дунёдаги энг машҳур криптовалюта 11,4 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда “Coindesk” хабар берди.

Мутахассислар Bitcoin курсининг пасайишини бир неча омиллар билан изоҳламоқда:

АҚШнинг макроиқтисодий сиёсати 

Февраль ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан жорий этилган импорт тарифлари инфляцион босимнинг ортишига ва АҚШ Федерал захира тизими (FRT) томонидан фоиз ставкаларининг оширилиш эҳтимоли борлигига оид хавотирларни келтириб чиқарди. Бу эса инвесторларнинг хавфли активларга, жумладан, криптовалютага бўлган қизиқишини пасайтирди.

Bybit криптобиржасининг бузилиши

Яқинда содир бўлган хакерлар ҳужуми оқибатида Bybit биржасидан 1,5 миллиард доллар миқдорида криптовалюта ўғирланди. Ушбу воқеа рақамли активларнинг хавфсизлигига бўлган ишончни сусайтириб, бозорга босим ўтказди.

Libra мемкоини атрофидаги можаролар

Libra мемкоини капитализацияси кескин ўсиб, 4,5 миллиард долларга етганидан сўнг 95 фоизга қадрсизланди. Бу эса инвесторлар орасида янги криптоактивларнинг барқарорлиги ва ишончлилиги борасидаги хавотирларни оширди.

Ҳозирги ҳолат

Айни пайтда Bitcoin нархи 86-89 минг доллар оралиғида ўзгариб турибди.

Bitcoin курсининг охирги уч ойдаги динамикаси:

Ноябрь, 2024

Bitcoin тарихий максимумга чиқиб, 97 минг доллардан ошди. Бунга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг криптовалюталарни қўллаб-қувватловчи сиёсати ва FRT томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши сабаб бўлди. Бу эса инвесторларнинг хавфли активларга бўлган қизиқишини оширди.

Декабрь, 2024

Ноябрь ойидаги максимал қийматдан сўнг Bitcoin курси пасайишни бошлади ва декабрь охирига келиб 91 минг доллардан пастга тушди. Бунга инвесторларнинг фойда олиш учун активларни сотиши ва байрам мавсумида савдо фаоллигининг пасайиши сабаб бўлди.

Январь, 2025

Йил бошида Bitcoin яна тикланиб, 100 минг доллардан ошди. Бунга йирик компанияларнинг криптовалютага сармоя киритиши, хусусан, MicroStrategy компаниясининг қўшимча 1020 BTC сотиб олгани сабаб бўлди.

Февраль, 2025

Bitcoin курси бутун ой давомида кескин ўзгаришларни бошдан кечирди ва 90 минг доллардан пастга тушди. Бунга макроиқтисодий ноаниқликлар ва криптовалюта бозорига бўлган ишончнинг пасайиши сабаб бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

криптовалюта Libra Bitcoin

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг