Биржада бензин ва пахта ёғининг нархи кўтарилди

Жамият 6894
image
-

Ўтган ҳафта давомида, яъни 26 апрель – 2 май кунлари "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" АЖ нинг барча савдо платформаларида 1 817,4 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,7 фоизга кўпдир. Биржада бензин ва пахта ёғининг нархи кўтарилди.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 8047 тонна пахта ёғи қўйилган бўлса, шундан 6902 тонна, яъни 85,8 фоиз ҳажмдаги пахта ёғи сотилган. Электрон савдоларда иштирок этган харидорларнинг ўртача кунлик сони 130 кишини ташкил қилган.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 004,1 минг сўмдан 17 228,7 минг сўмгача, яъни 14,8 фоизга кўтарилган. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 16 310,3 минг сўмни ташкил этган.

Ўтган ҳафтада сотувчи корхоналар автомобиль бензинининг биржадаги бошланғич нархларини оширди. Биржа савдоларига 38 599 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 12 292 тоннаси, яъни 31,8 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 34 харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 361,8 минг сўмдан 6 474,3 минг сўмгача ёки 1,8 фоизга кўтарди. Шу муносабат билан АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам мос тарзда 6 362,1 минг сўмдан 6 475,6 минг сўмгача, яъни 1,8 фоизга, яъни сотувчиларнинг бошланғич нархларини кўтариши ҳисобига ўсди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 468,1 минг сўмни, АИ-91 – 7 723,8 минг сўмни ташкил этди.

Маълумот учун турли манбаларда келтиришича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиб, Сенатга юборган эди.

Шундан сўнг, Сенат ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. 30 апрель куни Ўзбекистонга ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди.

Ушбу соҳадаги мутахассис эса ёғ-мой ҚҚСдан озод қилингани билан нархлар тушмаслигини маълум қилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 145
Рейтинг: 3
t
×