Бирламчи бозордан гаровга мулк олиш осонлашди
Жамият
−
15 Январь 2020
4644Ўзбекистон Республикаси Президенти "Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга мувофиқ, нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Гаров тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномаларнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.
Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги Қонун хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, нотариал палатага оид нормалар билан тўлдирилди.
Жумладан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус:
• юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ўз идорасига эга бўлишга,
• банк ҳисобварағи ва бошқа шахсий ҳисобварақлар очишга,
• мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга ҳамда мажбуриятларни ўз зиммасига олишга,
• ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга,
• судда ўз номидан иштирок этишга ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.
Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи барча нотариусларнинг аъзолигига асосланган нотижорат ташкилот ҳисобланади.
Бундан ташқари, амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига хусусий нотариал фаолият ҳам киритилди.
LiveБарчаси