Президент Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни имзолади
Жамият
−
11 июл 2452 2 дақиқа
Бугун, 11 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
“Бу жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири ҳамда қарийб ўн йилдан буён амалга ошириб келинаётган тизимли ислоҳотларимизнинг мантиқий натижасидир. Эндиликда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш расман Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланди”, деб ёзди Мирзиёева ўзининг Телеграм-каналида.
Қайд этилишича, марказ Англия ҳуқуқи асосида, алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлган ҳудуд сифатида фаолият юритади.
Шунингдек, молия маркази ўзининг махсус тартибга солиш тизими, мустақил тижорат суди ҳамда илғор халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий муҳитига эга бўлади.
“Глобал инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ва халқаро молия компаниялари айнан мана шундай шаффоф механизмлар билан ишлашга ўрганган”, деб таъкидлайди Администрация раҳбари.
Мазкур янги регуляторлик экотизими халқаро капитал, замонавий молия хизматлари ва йирик трансмиллий лойиҳалар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигини ошириши кутилмоқда.
“Моҳиятан олганда, ушбу қонун жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга инвестициядир. Тошкент инвесторлар учун тушунарли қоидаларни ҳамда капиталнинг энг юқори даражадаги ҳимоясини кафолатлаган ҳолда, жаҳон молия тизимининг узвий қисмига ва бутун минтақа иқтисодий ривожининг етакчи драйверига айланиш сари дадил қадам ташламоқда”, дейди Саида Мирзиёева марказ ҳақида.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун кўриб чиқилди ҳамда мақулланганди.
Live
БарчасиҚўйлиқда ҳам ёнғин содир бўлди
06 август
Ян Диоманде расман “Реал Мадрид”га ўтди
06 август