Биринчи Президентнинг набираси Лондонда полицияга тажовуз қилди. Унга ҳукм чиқарилди
Олам
−
18 Октябрь 2019
33043Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев Лондонда яна қилиқ чиқарди. Бу сафар эркатой Назарбоев Лондон полициясига ҳужум қилганликда айбланиб, шартли муддатда жазога ҳукм қилинди. Бу давр оралиғида у гиёҳвандликка қарши даволаниши, жамоат ишида қатнашиши ва жарима тўлаши керак.
У гиёҳванд модда истеъмол қилган вақтда полицияга қаршилик кўрсатган, полиция ходимини урган ва тишлаган. Терговда маълум бўлишича, эркатой набиранинг тишлаши оқибатида полиция ходими оғир жароҳатланган ва кўп қон йўқотган.
Ҳукм 18 ойлик синов муддатини ўз ичига олади. Агар у бу вақт оралиғида яна жиноят содир этса, унга нисбатан қамоқ жазоси қўлланилади.
Ойсултон Назарбоев умумий ҳисобда 140 соат жамоат ишида қатнашиши, гиёҳвандликдан қутулиш учун 20 та мажбурий машғулотларда иштирок этиши, 1000 фунт жарима ва 5000 фунт моддий зарарни тўлаб бериши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Ойсултон Назарбоев Лондонда ўз жонига қасд қилишга уринган эди.
Собиқ Президентнинг 29 ёшли набираси меҳмонхона деразасидан ўзини ташламоқчи бўлганида полиция ходими уни тўхтатишга уринган. Ўша вақт кичик Назарбоев унинг қўлини тишлаб олган.
Ойсултон Назарбоев – Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва марҳум ишбилармон Роҳат Алиевнинг ўғли. 2007 йилда Назарбоевнинг куёви Роҳат Алиевга нисбатан одам оғирлаш моддаси билан жиноий иш очилган. Алиев ўзига нисбатан жиноий таъқибга сиёсий масалалар сабаб бўлганини айтган. Унга нисбатан айбловлар қайнонасини танқид қилганидан кейин бошланган. Дариға Назарбоева турмуш ўртоғи билан ажрашди. Алиев эса мамлакатдан чиқиб кетди. У 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. У Австрияда ҳибсга олинган, бироқ Қозоғистонга экстрадиция қилинмаган. 2015 йилда у қамоқхона камерасида осилган ҳолатда топилган.
Ойсултон Назарбоев Британиянинг қироллик ҳарбий академиясини битирган ва Қозоғистоннинг ҳарбий разведкасида фаолият олиб борган. У болалигидан футбол ишқибози бўлган ва бир вақтлар Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ҳам ишлаган. 2017 йилда у бобоси Мухтор Алиев вафоти ва отасининг ўз жонига қасд қилганидан кейин гиёҳванд моддалар истеъмол қилаётганини тан олган.
2013 йилда Ойсултон Назарбоев “ҚозРосГаз” раҳбари Қайрат Боронбоевнинг қизига уйланган. Уларнинг бир нафар қиз фарзанди бор.
LiveБарчаси