Бир шахс карталари ўртасидаги ўтказмалар комиссиясиз бўлади
Жамият
−
05 Май 3472 2 дақиқа
Ўзбекистонда бир жисмоний шахс карталари ўртасидаги ўтказмалар учун комиссия бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, йиғилишда рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўловлар йўналишида аҳоли ва бизнес учун қулайликни оширишга қаратилган таклифлар билдирилган. Хусусан, айрим товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш амалиёти кенгайиб бораётгани боис, банк инфратузилмаси, комиссиялар ва истеъмолчиларга қайтариладиган кешбек тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш, нақдсиз тўловларни аҳоли учун қулай бўлган шаклларини кўпайтириш, умумий овқатланиш, алкоголь, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича ҳисобланган кешбекни тезкор қайтариш имкониятини яратиш таклиф этилган. Шу билан бирга, банк карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган антифрод SMS-хабарномалар бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш, мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинган.
Солиқ маъмурчилиги ва молиявий жарималар йўналишида солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш илгари сурилган.
Live
Барчаси