Хориждаги маданий бойликларни қайтариш бўйича комиссия тузилади
Жамият
−
21:35 466 5 дақиқа
Ўзбекистонда хорижга олиб чиқиб кетилган маданий бойликларни қайтариш бўйича комиссия тузилади. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган маданий меросни асраб-авайлаш, музей ишини ривожлантириш ва Ўзбекистон маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш бўйича келгуси ишлар юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда тарихий меросни асраб-авайлаш, ёдгорликларни реставрация қилиш, музейларни модернизациялаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор изчил кучаймоқда. Бу ишлар гуманитар сиёсатнинг муҳим йўналиши, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш омилига айланмоқда.
UNESCO йўналишида эришилган натижалар алоҳида қайд этилган. Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Ўзбекистоннинг “Тошкентнинг модернизм меъморчилиги: Марказий Осиё замонавийлиги ва анъаналари” миллий номинацияси Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон XX аср модернизми меъморий мероси бундай мақомга эга бўлган Марказий Осиё ва МДҲдаги биринчи давлат бўлган. Номинация таркибига Тошкент шаҳридаги 10 та муҳим объект киритилган. Бу сўнгги 25 йилда Ўзбекистоннинг UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига биринчи миллий киритилиши бўлган.
Фаол сиёсий-дипломатик ишлар натижасида “Қуёш” гелиомажмуаси Бутунжаҳон мероси объекти таркибида сақлаб қолинган.
Янги халқаро мақом Тошкентнинг меъморий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маданий туризмни ривожлантириш, тадқиқотчилар, меъморлар ва халқаро экспертларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Шу муносабат билан пойтахтнинг модернизм меъморчилигини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун “Зомин тоғлари” табиат объекти номинациясини тайёрлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Ушбу ҳудуд Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин миллий табиат боғини қамраб олиб, қимматли арча ўрмонлари ҳамда ноёб ҳайвонлар ва қушлар яшаш маконларига эга ягона тоғ табиий мажмуасини ташкил этади.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси котибияти фаолиятини такомиллаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Котибиятнинг UNESCO’нинг ижодий шаҳарлар тармоғи, таълим берувчи шаҳарлар тармоғи, ассоциациялашган мактаблар тармоғи, UNESCO кафедралари, ассоциациялар ва клублар, шунингдек, глобал геопарклар тармоғида мамлакат иштирокини мувофиқлаштириш функцияларини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Маданий мерос соҳасидаги амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилufy. Сўнгги йилларда маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун давлат бюджетидан 466,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. 305 та лойиҳа-смета ҳужжати тайёрланган, 55 та объектда ишлар якунланган, яна 152 та объектда ишлар давом этмоқда.
Ушбу ишларни тизимлаштириш мақсадида 8 183 та маданий мерос объекти бўйича кадастр ҳужжатлари шакллантирилган. Ёдгорликларни қисқа муддатли ижарага бериш орқали 4 187 та тадбиркорлик субъекти жалб этилиб, соҳавий жамғармага 27,9 миллиард сўм йўналтирилган. 2025 йилда 52 та объектга 152,9 миллиард сўм миқдорида маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб қилинган.
Ўзбекистонда Heritage Impact Assessment (HIA) – меросга таъсирни баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий этиш Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби ноёб тарихий шаҳарлар ва Тошкентнинг модернизм меъморчилигини жадал қурилиш ҳамда инфратузилма ривожи шароитида ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.
Маданий мероснинг ягона рақамли платформасини, объектларнинг рақамли эгизакларини, Heritage Open Data тизимини, шунингдек, маданий мерос бўйича ситуацион марказни ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу марказ IoT-сенсорлар, сунъий йўлдош маълумотлари, видеотаҳлил ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда мониторинг олиб бориш имконини беради. 2030 йилга қадар барча маданий мерос объектларини рақамлаштириш режалаштирилган.
Туристик юкламани бошқариш учун Visitor Management тизимини жорий этиш, рақамли чипталар қамровини кенгайтириш, туристлар оқимини прогноз қилиш ва заруратга қараб айрим объектларга ташриф лимитларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини яратиш, Бухорода ихтисослаштирилган реставрация олий мактабини очиш, Археология институтининг ҳудудий филиалларини ривожлантириш ва реставраторларни лицензиялашни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тарихий мерос ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштирувчи янги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, анъанавий усуллар ва замонавий лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда реставрация технологияларини бирлаштирадиган ихтисослаштирилган мозаика марказини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Марказ Тошкент мозаика мактабини сақлаш, мутахассислар тайёрлаш ва монументал санъатнинг янги йўналишини ривожлантириш майдонига айланади.
Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси ҳудудида “Оллоқулихон карвонсаройи” савдо марказини ташкил этиш лойиҳаси алоҳида кўриб чиқилган. Савдо нуқталарининг тартибсиз жойлашуви тарихий объектларнинг визуал яхлитлигини бузиши ва туристлар учун ноқулайликлар келтириб чиқариши қайд этилган. Янги лойиҳа анъанавий савдо руҳини сақлаш, ҳунармандлар учун шароит яратиш, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, янги туристик нуқтани шакллантиришга қаратилган.
Келгусида номоддий маданий меросни асраб-авайлаш соҳасида давлат сиёсатининг яхлитлигини таъминлаш мақсадида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорлик қилади.
Самарқандда “Aga Khan Trust for Culture” жамғармаси билан ҳамкорликда Бибихоним мажмуасини консервация ва реставрация қилиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳа маданий мерос объектларида меъморий консервация, илмий ўрганиш ва реставрация ишларини бошқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳа доирасида ёдгорликни ҳужжатлаштириш ва тадқиқ этиш, археологик ва муҳандислик текширувлари, материаллар таҳлили, конструктив моделлаштириш ҳамда лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилади. Маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги босқичларда асосий гумбаз ва унга туташ иншоотларни консервация қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ва музей экспозициясини яратиш кўзда тутилган.
Турли тарихий даврларда мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ноёб тарихий ёдгорликлар, археологик ашёлар, нодир қўлёзмалар ва санъат асарларини тизимли излаш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва мамлакатга қайтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида маданий бойликларни репатриация қилиш бўйича комиссияни шакллантиришга қарор қилинган.
Якунда 2027-2035 йилларга мўлжалланган Маданий меросни ривожлантириш стратегияси бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Унда маданий меросни рақамлаштириш, моддий ва номоддий меросни асраб-авайлаш, маданий бойликларни репатриация қилиш, табиий меросни муҳофаза қилиш ва реставрацияни ривожлантириш дастурлари назарда тутилган.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни такомиллаштириш ва уларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берган.
Live
Барчаси