Бир ой ичида 160,6 млрд сўмлик газ ва “свет” ўғирланди
Жамият
−
05 Декабрь
2294Жорий йилнинг ноябрь ойида 1 минг 614 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзэнергоинспекция“ ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг ноябрь ойи “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” деб эълон қилинган. Шунга мувофиқ, “Ўзэнергоинспекция” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказган назорат тадбирлари давомида 1 минг 614 та ҳолатда 160,6 миллиард сўм зарар аниқланган.
“Жумладан, 24,1 миллион метр куб табиий газ (70,1 млрд сўм) ва 38,6 миллион киловатт соат электр энергиясидан (90,4 млрд сўм) ноқонуний фойдаланиш натижасида давлат манфаатларига жами 160,6 миллиард сўм зарар етказилган”, дейди Норбобоев.
Маълум қилинишича, истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан қоидаларни бузган ҳолда фойдаланиши бўйича 876 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Улардан 547 таси электр энергияси, 329 таси эса табиий газдан фойдаланишга боғлиқ. Шунингдек, 4 минг 583 та истеъмолчининг энергия ресурсларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун профилактик тадбирлар ўтказилган. Назорат ишларида куннинг ёруғ вақтида ёритиш чироқларидан ноўрин фойдаланишга оид 5 960 та ҳолат аниқланиб, 1 024 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, 6 та корхонага молиявий санкциялар қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Жомбой ҳамда Оқдарё туманларида энергия ресурсларидан ноқонуний ишлатиш ҳолатлари фош этилганди. Улар жами 614 млн сўмлик газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15