Midweek: Эрондаги сирли портлашлар, папа бўлишни истаган Трамп, аравани қуруқ олиб қочган Путин

Таҳлил

Ҳиндистон яқин соатлар ичида Покистонга бостириб кириши мумкин. Ҳар ҳолда Исломобод расмийлари шундай гумонда вазиятни диққат билан кузатмоқда.

Эрон сўнгги 4 кун ичида иккита даҳшатли портлашга гувоҳ бўлди. Бири Бандар Аббосдаги портда, иккинчиси эса анчадан буён Ғарб санкциялари остидаги заводда.

Путин яна аравани қуруқ олиб қочмоқда. Бу сафар у саноқли кунлардан сўнг ўтказилиши режалаштирилган парадда хотиржам ўтириши учунгина 2-3 кунлик сулҳ эълон қилди. Трамп ўз одамини папаликка тавсия қилди. 

Ўтиб бораётган ҳафтанинг ўртасига қадар дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Midweek дастури.

Ҳиндистон яқин соатларда Покистонга қадам қўйиши мумкин

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият кучайиб бормоқда. Кашмирдаги терактдан сўнг, икки ўртадаги чегара чизиғида беш маротаба отишма содир бўлгани айтиляпти. Ҳиндистон армияси баёнотига кўра, шундай ўқ алмашинувларнинг сўнггиси 29 апрелга ўтар кечаси Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғида содир бўлган. Ҳиндистон бошқарувидаги мазкур ҳудуддаги 48 та сайёҳлик объекти ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қайд этилишича, айнан теракт уюштирилган Паҳалгам туманида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Минтақанинг диққатга сазовор жойлари қанча вақтга ёпилиши ҳақида маълумот йўқ. Маҳаллий аҳоли бу ҳужумдан минтақанинг асосий даромад манбаи бўлган туризм жиддий зарар кўришидан хавотирда. 

Покистон Ҳиндистон билан чегарага ҳарбий техникани кўчирди. Ҳиндистон чегарасидан 80 км узоқликда Ҳақиқий назорат чизиғи томон Покистон армиясининг ўнлаб ўзиюрар техникалари аниқланган. 

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда дунё давлатлари икки томонни қуроллантирмоқда. Масалан, Flightradar хизмати томонидан Туркиянинг бир неча ҳарбий транспорт самолётлари Покистонга учгани қайд этилган. Покистонлик манбалар Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг 6 та C-130 ҳарбий-транспорт самолёти Исломободдаги ҳарбий базага қўнганини даъво қилди. 

Ўз ўрнида, Франция ҳам вазиятдан фойдаланганча Ҳиндистонга қурол сотяпти. Ҳиндистон Мудофаа вазири Ражнат Сингх ва унинг француз мавқедоши Себастьен Лекорню Франциянинг 26 та Dassault Rafale қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Қиймати тахминан 6,5 миллиард евро бўлган бу шартнома 22 та Rafale-М жанговар самолёти ва тўртта Rafale-D ўқув самолётини етказиб беришни ўз ичига олади. Ҳиндистон француз қирувчи самолётлари билан бир қаторда 2009 йилдан бери “Викрамадитья” авиаташувчиси базасида жойлашган Россия самолётларидан фойдаланмоқда. 2023 йил ҳолатига кўра, мамлакатда 42 та шундай қирувчи бор эди, аммо уларнинг деярли ярми захирада. 

Икки ўртада эса яқин фурсатларда кенг кўламдаги ҳарбий тўқнашув содир бўлиши ҳақидаги хавотирлар соат сайин кучаймоқда. Хусусан, расмий Исломободда бундай ҳадик охирги кунларда анча жонланган. Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар бир неча соат олдин мамлакат ишончли разведкага эга эканини, Ҳиндистон кейинги 24 ёки 36 соат ичида ҳарбий зарба бериш ниятида эканини айтди. Агар мазкур муддатга ишонилса, ҳозирда бу тахмин реалликка айланишига саноқли соатлар қолди, холос. 

Покистон Мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Осиф ҳам “Reuters” агентлигига берган интервьюсида Ҳиндистон томонидан ҳарбий ҳужум яқинлашаётганини айтган. У шунингдек, ядро қуролидан фойдаланишни ҳам истисно қилмаган ҳолда, бундай қадам Покистоннинг мавжудлигига тўғридан тўғри таҳдид юзага келгандагина ташланишини маълум қилди.

Эрондаги кетма-кет портлашлар

Эронда 4 кун ичида 2 маротаба даҳшатли портлашлар юз берди. 26 апрель куни Эроннинг Бандар-Аббос шаҳри яқинидаги Шаҳид-Ражаи денгиз портида  кучли портлаш оқибатида 70 киши ҳалок бўлди ва 1200 дан ортиқ одам жароҳатланди. Дастлабки тахминларга кўра, бу фалокатга портда ракеталар учун ишлатиладиган қаттиқ ёқилғининг асосий таркибий қисми бўлган натрий перхлоратнинг портлаши сабаб бўлган. Бироқ 27 апрель куни мамлакат Мудофаа вазирлиги портда ҳарбий юклар йўқлиги, бундай хабарлар эса Эрон душманлари таъсири остида пайдо бўлаётганини таъкидлади. Қизиғи, бу ҳодиса форслар Трампга умуман бош эгишни истамаётган ядровий дастур бўйича Уммонда кечаётган музокараларнинг учинчи босқичи бошланганидан кўп ўтмай содир бўлди. Шу боис баъзи бир манбалар портлаш уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти. Аммо бу ҳақда расмий маълумотлар мавжуд эмас. 

Эрон ОАВ маълумотларига кўра, портлаш оқибатида бир неча километр радиусдаги ойналар синган. Ундан ташқари интернетда ҳам портлашдан кейин ҳосил бўлган улкан тутун акс этган кадрлар талайгина. 

Мазкур ҳодисадан сўнг, Эрон расмий доиралари қатор чораларни амалга оширди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, одамлардан биноларда қолиш, деразаларни ёпиш ва ниқоб тақишни сўраган. Президент Масъуд Пезешкиён мамлакат Ички ишлар вазири портлаш терговини назорат қилиш учун минтақага йўл олганини айтганди. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий эса хавфсизлик ва суд органларига Бандар Аббос портида содир бўлган портлашни тергов қилишни ва бунда қасд ёки бепарволик бор ёки йўқлигини аниқлашни буюрди. У махсус мурожаатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. Бундан ташқари, Оятуллоҳ расмийларга мазкур ҳодисадаги қўпорувчилик эҳтимолига эътибор беришлари кераклигини ҳам эслатган. Аммо Эрон расмийлари ҳозирда қўпорувчилик назариясини тасдиқловчи далил йўқлигини айтди. 

Шу чоққача чоп этилган суратлар портнинг бир қисми жиддий шикастланганини кўрсатади. Портдаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони анча йирик бўлгани боис, ушбу ҳодиса дунё миқёсида катта ташвиш билан қарши олинди. Кўплаб давлат раҳбарлари қаторида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиёнга таъзия йўллади. 

Маълумот учун, Бандар Аббос Форс кўрфазининг Уммон кўрфази билан туташган жойида, Ҳормуз бўғози қирғоғидаги стратегик муҳим нуқтада жойлашган. Портлар ва кемачилик ташкилоти маълумотларига кўра, бу Эрондаги энг йирик порт ҳисобланади. Ўтган йили у орқали мамлакатдаги контейнерларнинг 85 фоизи, шунингдек, Эрон нефтининг катта қисми ташилган. 2020 йилда худди шу портдаги компьютерларга киберҳужум уюштирилган, бу эса сув йўллари ва объектга олиб борувчи йўлларда оммавий носозликларни келтириб чиқарган.

Юқорида қайд этилганидек, Эронда сўнгги бир неча кун ичида юз берган портлаш фақатгина Бандар Аббос билан чекланиб қолмади. Портдаги ҳодисадан кўп ўтмай, Исфаҳон шаҳрида жойлашган пиротехника ва портловчи моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания омборида ҳам шу каби воқеа юз берди. Аванар Парциан компанияси заводида содир бўлган бу портлашни Исфаҳон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тасдиқлаган. Унда бир киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яралангани айтилмоқда. Компания мушак ва динамит ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган. Шунингдек, унинг иши мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгаши томонидан назорат қилиниши ҳам таъкидланган. 

“Iran International” манбаларининг таъкидлашича, компания учувчисиз учиш аппаратларининг йирик ишлаб чиқарувчиси Эрон Авиация саноати фирмаси билан алоқадор бўлиши мумкин. Бу эса мамлакатда юз берган кетма-кет жиддий портлашлар фонида уларнинг ортида ким ёки кимлар тургани ҳақидаги шубҳа-гумонларни янада кучайтиради. Чунки Эрон Авиация саноати фирмаси  мамлакатнинг ҳарбий вертолётлари ва самолётларига техник ва капитал таъмирлаш хизматларини кўрсатади. У Эрон Авиация саноати ташкилотига бўйсунади. Қизиғи шундаки, бу ташкилот анча йиллар олдин Европа Иттифоқи томонидан Эроннинг сезгир ядро фаолияти ёки ядро қуролини етказиб бериш тизимларини ривожлантириш билан боғлиқ ташкилот сифатида рўйхатга олинган.

Қозоғистонликлар Украина босқинига жалб қилинмоқда

Қозоғистон фуқароларига хорижий давлатдаги урушда қатнашишга даъват қилувчи варақалар оммавий тарзда кўчларда тарқатилаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Гап бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг чинакам бош оғриғига айланган Россиянинг Украинадаги босқинига Россия Мудофаа вазирлиги томонидан бошқа мамлакат фуқароларини жалб қилиш ҳақида кетмоқда. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда шундай мазмундаги варақалар тасвирланган суратлар пайдо бўлган. Ушбу буклетларда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва унинг алоқа маълумотлари кўрсатилган. Бундай суратларни тармоқ фойдаланувчилари “Tengrinews.kz” нашрининг таҳририятига юборган. Уларнинг даъво қилишича, варақалар Остона ва Олмаотадаги кўчаларда тарқатилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан нашр Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига расмий сўровлар юборган. Миллий хавфсизлик қўмитасининг хабар беришича, интернетда ушбу варақаларнинг жойлаштирилиши бўйича текширув олиб бориляпти. Аммо ҳозиргача бу буклетларнинг шаҳар кўчаларида қўлма-қўл тарқатилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган. 

ИИВ ҳам бу варақалар жисмоний тарзда тарқатилганини аниқламаганини билдирган. Аммо вазирлик ўз баёнотида ёлланиш билан боғлиқ ушбу чақирувлар акс этган варақалар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган ҳолатлар мавжудлигини истисно қилмаган. ИИВ Қозоғистон фуқароларига мамлакат қонунчилигига риоя қилишни ва оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бундай ҳаракатлардан тийилишни қатъий тавсия қилмоқда. 

Маълумот учун, Қозоғистонда фуқароларнинг бошқа давлатнинг қуролли тўқнашувида ёки ҳарбий ҳаракатларида қасддан ноқонуний иштирок этиши 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 2022 йилдан бери Қозоғистонда фуқароларнинг хориждаги урушларда иштироки бўйича 97 та жиноят иши қўзғатилган. Яъни, Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан буён камида 97 нафар қозоғистонлик хориждаги ҳарбий можароларда иштирок этган. Шимолий қўшнисининг тинчликсевар эмаслиги бугун Қозоғистон учун ҳар томонлама муаммо ва кези келганда ҳатто баъзи хавотирларни ҳам келтириб чиқаряпти. 

Аммо бироз аввал таъкидлаб ўтилганидек, бу фақат Қозоғистон учун эмас, балки бутун Марказий Осиёга ҳақиқий бош оғриқ бўлмоқда. Жумладан, бир неча кун илгари Қирғизистонда “рус уйи” ходимаси мамлакат фуқароларини Россиянинг Украинадаги босқинига ёллаш айблови билан қўлга олинганди. Ўш шаҳридаги “рус уйи” масъулларидан бири Наталья Секерина суд қарорига кўра, 17 июнга қадар ҳибсда сақланиши лозим эди. Бироқ 28 апрелга келиб, Бишкекдаги Первомай туман суди қирғизистонликларни Россия армиясига ёллаш иши бўйича Секерина ва исми ошкор этилмаган яна бир кишига нисбатан эҳтиёт чорасини юмшатди. ТАСС агентлигининг Қирғизистон хавфсизлик кучларидаги манбасига кўра, бу иш бўйича барча айбланувчилар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Россиянинг республикадаги элчиси Сергей Вакунов ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг уй қамоғига ўтказилган. 

Трамп папаликка ўз одамини тиқиштирмоқчи

Жорий йилнинг 21 апрель куни 88 ёшида инсульт сабаб вафот этган собиқ Рим папаси Францискнинг дафн маросими 26 апрель куни Ватикандаги Авлиё Пётр майдонида 200 мингга яқин инсон билан ўтказилди. Эндиликда унинг бўш қолган ўрнини ким эгаллаши кўриб чиқилади. Маълум қилинишича, Рим-католик черковининг олий руҳонийлари 28 апрель куни янги папани сайлаш санасини белгилаш учун ёпиқ эшиклар ортида йиғилган. Унга кўра, кардиналлар 7 май куни янги Рим папасини сайлаш учун конклавга йиғилади. 

Аммо ҳозирда конклавнинг ўтказилиш санаси расман эълон қилинмаган. Рим-католик черкови қоидаларига кўра, янги папа сайланадиган конклав 5-11 май кунларига белгиланиши керак эди. 

Маълумот учун, конклавда 80 ёшга тўлмаган кардиналлар иштирок этиши ва сайланиши мумкин. Ҳозирда 252 нафар ҳайъат аъзосидан 135 нафари ушбу мезонга мос келади. Янги папа аниқланмагунча, кардиналларга ташқи дунё билан алоқа қилиш тақиқланади.

Эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳатимиз бу эмас. Асосий масала ким папа этиб сайланишида эмас, балки АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг бунга бўлган муносабатида. Гап шундаки, Трамп 29 апрель куни журналистларнинг кейинги папа ким бўлиши ҳақидаги саволига жавобан ўз номзодини кўрсатди. Албатта, бу шубҳасиз ҳазил эди. Чунки Трамп бугунги кунгача 3 маротаба уйланган, айни дамда оилали. Католик черкови бўлса, папаларга уйланишни тақиқлаганига минг йилдан ошди. Бироқ шу куни Трамп томонидан айтилган яна бир гап кўпчиликнинг эътиборини тортган бўлса ажаб эмас. У папа бўлиш истаги ҳақидаги гапдан сўнг, бироз жиддий оҳангда конклавга Нью-Йорк кардинали номзодига эътибор бериши тавсия қилди ва воқеалар ривожини кузатиб боришини айтди. Аммо Америка нашрлари нью-йорклик кардинал Тимоти Долан папалик тахтини эгаллаш учун фаворитлар қаторига кирмаслиги ҳақида ёзмоқда. Боз устига тарихда ҳали ҳеч қачон АҚШдан папа сайланмаган.

Албатта, келгусида кимнинг папа этиб сайланиши геосиёсатда бирор нарсани ўзгартирмайди. Чунки католик черкови ва папа узоқ ўтмишдаги ўта қудратли ва чексиз таъсир хусусиятидан асар ҳам қолмаган. Бугун папа лавозимидаги шахс бундан бир неча юз йиллар илгари Иннокентий III давридагидек католик давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутмайди. Католик черковининг бундай қудрати 1303 йилда Франция қироли Филипп IV нинг элчиси папа Бонифаций VIII юзига тарсаки туширганидан бошлаб ортга кетган. XVI асрда католик оқимидан юз ўгирганлар томонидан асос солинган протестантизмнинг пайдо бўлиши эса папанинг сиёсий қудратини амалда тугатиб, уни Ватикан билан чеклаб қўйган. 

“9-май сулҳи” Путиннинг худбинлиги исботими?

Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 9 май куни ўтказиладиган Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан сулҳ эълон қилди. Маълум қилинишича, Россия армияси Москва вақти билан 8 майга ўтар кечаси соат 00:00 дан 11 майга ўтар кечаси соат 00:00 гача барча жанговар ҳаракатларни тўхтатади. Энг қизиғи Кремль баёнотида ушбу қарор инсонпарварлик мулоҳазаларидан келиб чиқиб қабул қилингани ёзилган. Шунингдек, Кремль матбуот хизмати Украина томони ҳам шундай йўл тутиши кераклиги, бундан ўрнак олиши лозимлиги ва агар сулҳ бузилса, Россия армияси самарали жавоб бериши ҳақида огоҳлантирган. 

Путин бундан 10 кун муқаддам ҳам Пасха байрами арафасида вақтинчалик бўлиб ҳам бир неча соатлик оташкесим жорий қилганди. Аммо унинг бу қарори якунда фақатгина қоғоздаги оташкесим бўлиб қолди. Чунки Украина томони ушбу вақтинчалик сулҳ амалда бўлиши назарда тутилган соатларда Россия қўшини 2 мингдан зиёд қоидаларни бузганини даъво қилганди. Путиннинг бу сафарги таклифи эса янада ғайриоддий кўринмоқда. Чунки унинг сулҳ таклифи Москвада ўтказилиши режалаштирилган парад ҳамда унинг тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш учунгина экани кундек равшан.  Украина Президенти Владимир Зеленский айнан шу боис Путиннинг бир неча кунлик оташкесимини хушламади. У Украина урушни тугатиш учун “барча ҳамкорлар билан ишлашга” тайёрлигини, бироқ Россия ҳамма нарсани рад этиб, “дунёни манипуляция қилиб, АҚШни алдашга уринаётганини” айтди. Шунингдек, сулҳ Путин парадни тинч ўтказиб олиши учун эмас, балки инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун тузилиши лозимлигини ҳам қўшимча қилди.

“Энди манипуляцияга яна бир уриниш бўлди: негадир ҳамма 8 майгача кутиши ва шундан кейингина парад пайтида Путинга сукут сақлаш учун ўт очишни тўхтатиш керак. Биз парадларни эмас, одамларнинг ҳаётини қадрлаймиз. Шунинг учун биз ишонамиз – дунё ишонади – 8 майни кутишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ва ўт очиш улар яна ўлдиришни бошлаши мумкин бўлмаслиги учун бир неча кундан ортиққа тўхташи керак. Дарҳол, тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатиш – ва камида 30 кун”, деди Зеленский.

Аввалроқ, Украина Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Путиннинг баёнотларига худди шундай жавоб қайтарган эди. У 8 майни кутишнинг ҳожати йўқ, “агар ҳозир исталган санадан бошлаб ва 30 кун давомида ўт очишни тўхтатиш мумкин бўлса, бу шунчаки парад учун эмас, балки ҳақиқий оташкесим бўлиши учун бўларди, дея таъкидлаган. 

Вашингтоннинг ҳам Путиннинг мазкур олди-қочди таклифидан ҳафсаласи пир бўлди. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт “АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинада вақтинчалик эмас, доимий ўт очишни тўхтатишни истайди” дея, баёнот берди. Боз устига Трамп ҳам аллақачон Путин уни лақиллатаётганини англаб етган. Францискнинг дафн маросимида қатнашиб, у ерда Зеленский билан ўзгача муҳитда норасмий суҳбатлашган Трамп АҚШга қайтиб, Путин масаласида ниҳоят жиддий ўйлай бошлади. У ўзига тегишли платформада Путинда урушни тўхтатиш истаги борлигига шубҳаланаётгани ва молиявий санкциялар қўллаш орқали уни бунга мажбур қилиши ҳақида ёзди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Қозоғистон Эрон Владимир Путин Дональд Трамп Қирғизистон Ҳиндистон портлаш Покистон Украина Владимир Зеленский Рим папаси Ватикан Бандар Аббос Наталья Секерина Исфаҳон рус уйи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг