“Бир калла қанд, 3 сўм пул”. Ўзбекистондаги энг арзон шаҳар қайси?
Бу қизиқ
−
15 Январь
11621“Рўзғор – ғор” деган гап бор халқимизда. Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, қанча пул топманг, барибир нимагадир маблағ етмай қолади. Ўзбекистонда эса нарх-навонинг кундан кунга ошиб бораётганини, иш ҳақининг эса нисбатан камлигини ҳисобга олсак, яшаш учун арзон ва қулай манзил топиш масаласи кўпчиликни ўйлантириши табиий.
Хўш, ўзи Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай ва "камхарж" шаҳар қайси? Россиянинг туристик ва иш визаларини олишга ёрдам берувчи миграция маркази Ўзбекистонда фаолият юритиш, маош ва яшаш нархлари ҳақидаги маълумотларини эълон қилди.
Унга кўра, агар сиз Андижонда қўним топсангиз, ойига ўрта ҳисобда 2 миллион 730 минг сўм пул топишингиз мумкин. Бироқ у ердаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳам арзон, деб бўлмайди.
Мисол учун, 1,5 литр ҳажмдаги бир шиша ичимлик суви учун сиз 3 минг 400 сўм тўлашингиз керак. 1 кг товуқ филеси ўртача 29 минг туради. “Булка нон”ни тахминан 1 минг 600 сўмга сотиб оласиз.
Чекувчилар бир қути сигаретга ўртача 8 минг 400 сўм сарфлашига тўғри келади. Арзон кафеда овқатланиш учун эса ҳамёнингиздан тахминан 31 минг сўм чиқиши шарт. Қисқа қилиб айтганда, аксар маҳаллий аҳолининг ойига фақат бир марта оиласи билан сайрга чиқиш ва кафега бориш имкони бор.
Энди эса Бухородаги нарх-навони кўриб чиқамиз. Шаҳарда озиқ-овқат, транспорт ва уй-жой тўловларининг нархи нисбатан юқори. Одамлар ўртача 2 миллион 483 минг сўм пул топади. Кафедаги оддий тушлик ҳам сизга 45 мингга тушади. Нон учун 2 минг 730 сўм тўлашингиз керак. Ҳамма ҳам у ердан квартира сотиб олишга қодир эмас. 1 м² тураржойнинг нархи қарийб 680 доллар яъни 8 миллион 440 сўмни ташкил қилади.
Навбатдаги манзил Самарқанд: сайёҳлик марказларидан бири бўлган бу шаҳарда ўртача иш ҳақи 2 миллион 855 минг сўм. Сарф-харажатларга келадиган бўлсак, озиқ-овқат бир мунча қиммат. Масалан, 1 кг товуқ филеси 30 минг сўмдан қимматроқ.
Бироқ, шаҳарда 1 м² яшаш майдонининг нархи 550 доллар, ҳозирги курсга ҳисоблаганда 6 миллион 827 минг сўмни ташкил этади. Буни нисбатан паст нарх, дейиш мумкин.
Ривожланганлиги ва бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ имкониятларни тақдим этишига қарамай, Тошкент шаҳрини ҳаёт кечириш учун энг қулай шаҳар дея олмаймиз. Бу замонавий ҳаёт тарзи билан бир вақтда ушбу имкониятларга мос баланд нарх-наво билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, сўнгги ойларда пойтахт дунёнинг энг ҳавоси "носоғлом" шаҳарлари рўйхатида етакчи ўринларни банд қилиб келмоқда. Ҳавонинг ифлослик даражасини ҳатто кўз билан ҳам илғаш мумкин.
Хуллас, Тошкентда ўртача иш ҳақи 4 миллион 655 минг сўмни ташкил қилади. Озиқ-овқат, хизматлар ва уй-жой нархлари бошқа шаҳарларга қараганда топаётган даромадингизга мос келади. Бироқ урбанизация сабабли тиғиз кун тартиби ва арзон квартира топиш муаммосига тайёр туришингиз керак. Сабаби Тошкент дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингида 69-ўринда туради.
Нарх-навога келадиган бўлсак, асосий истеъмол маҳсулотларидан картошка ўртача 3 минг сўм, пиёз 1 минг 700 сўм, гуруч 22 минг сўм, кунгабоқар ёғи 20 минг сўм ва мол гўшти 65 минг сўм.
Урганч шаҳрида эса ўртача даромад юқорида тўхталиб ўтилган бошқа шаҳарлардан сезиларли даражада кам. 1 миллион 862 минг. Шунга қарамай, озиқ-овқат учун кўп пул сарфлашингиз аниқ. Уй-жой нархи ҳам анча қиммат.
(Шундай статистикалардан сўнг, одамлар яшаш учун қолган пулни қаердан оляпти, деган савол туғилади.)
Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, хусусан, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ушбу рўйхатга киритилмаган.
Энди қулайлик масаласига тўхталсак. Ўзбекистондаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан мамлакатдаги яшаш учун энг қулай шаҳарлар рўйхати тузилди.
Бунда ҳудуддаги таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларида 27 та сифат кўрсаткичлари ҳисобга олинган. Ушбу рўйхатга аҳоли сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган 30 та шаҳар киритилган. Шаҳарларнинг қулайлик даражаси 100 баллик тизимда баҳоланган.
Натижаларга кўра, кучли бешталикни Тошкент, Урганч, Бухоро, Самарқанд, Навоий шаҳарлари банд қилган. Маълумот учун, Навоий шаҳрида ўртача иш ҳақи 5 миллион 700 минг сўм. Шу сабаб нарх-наво ҳам анча баланд. Ҳатто, Тошкентдан ҳам.
Рўйхатнинг сўнгги ўринларидан эса Бекобод, Хонобод, Янгиер, Оҳангарон ва Қувасой шаҳарлари жой олган.
Топ-10 шаҳарларнинг барчаси вилоят марказлари ҳисобланади. Шунингдек, рейтингда ушбу шаҳарларга энг яқин Қўқон, Хива ва Чирчиқ каби вилоят маркази бўлмаган ҳудудлар ҳам қўшилган.
Қисқа қилиб айтганда, ҳам арзон ҳам қулай шаҳарни топиш бироз мушкул иш. Агар сиз арзон шаҳарда яшашни афзал кўрсангиз, оддийроқ ҳаёт тарзига кўникишингизга тўғри келади. Агар замонавий имкониятларга эга ҳудудда яшамоқчи бўлсангиз, кўпроқ харажатларга ҳам тайёр туришингиз керак. Хўш, сиз қандай ҳудудда истиқомат қиласиз? Қайси шаҳарни ҳам арзон, ҳам яшаш учун қулай, деб ўйлайсиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ`ни кузатиб боринг!