Бир балоси бўлмаса... ОДКБ Тожикистон-Афғонистон чегарасида машқлар бошлади

Олам 16372
image
-

Тожикистонда бугун, 18 октябрдан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) қўшма тезкор-стратегик машғулотларини бошлади. Бу ҳақда КХШТ расмий сайтига таяниб хабар берилган. 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 18-23 октябрь кунлари Марказий Осиё минтақасида "Жанговар биродарлик-2021” машғулотлари доирасида “Эшелон-2021”, “Қидирув-2021” махсус машғулотлари ва "Ўзаро ҳамкорлик-2021" қўшма машғулоти ўтказилади. Хабарга кўра, уларда 4000 киши ва 500 дан ортиқ техника бирлиги иштирок этади. 

Машғулотлар Тожикистон Қуролли Кучларининг “Момирак” ва "Ҳарбмайдон" полигонларида ўтказилади. 

“Машғулотларнинг асосий вазифалари — КХШТ қўшинлари бошқарув тизимини такомиллаштириш, қўмондонлик ва бошқарув органлари ҳамда бўлинмаларининг ўзаро мувофиқлигини ошириш, шунингдек ташкилотнинг коллектив хавфсизлик тизими кучлари ва воситаларининг ўзаро ишлашига эришиш ҳисобланади”, дейилади хабарда. 

Машғулотларни замонавий қурол ва ҳарбий (махсус) техника билан жиҳозланган доимий тайёр таркибдаги мобиль ва ҳарбий бўлинмалар, Бирлашган штаб ва КХШТ Котибияти тезкор гуруҳлари, махсус кучлардан ташкил топган Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳарбий контингентлари кабилар иштирокида ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, бундан бир неча кун аввал Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Саймўмин Ятимов, “Ҳар куни 500-600 қочқин Афғонистондан Тожикистон томон чегарани кесиб ўтишга уринмоқда, қурол ва наркотик моддалар оқими кучайиб боряпти”, деб айтган эди. 

Ятимов, шунингдек, давом этаётган воқеалар ортидан “минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш учун исломий экстремизмнинг қўлланиши иси келаётганини” таъкидлаган.
 
Унинг қўшимча қилишича, Афғонистондаги вазият нафақат Тожикистон, балки бутун МДҲ учун хавф туғдиради.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 553
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×