Бинали Йилдирим Мирзиёевга Эрдўғаннинг саломини етказди
Олам
−
24 Март 2022
3542Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 март куни Халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раисининг ўринбосари Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Бинали Йилдирим Ўзбекистон раҳбарига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этган. Ўзаро савдо ҳажмлари ортмоқда, замонавий саноатни барпо этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга фаол тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланган.
Шунингдек, суҳбатда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган. Ўтган йил ноябрь ойида ташкилотнинг Истанбул саммитида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновациялар ва юқори технологиялар трансфери каби соҳалардаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш шулар жумласидан.
Қолаверса, минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Бинали Йилдирим Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашган эди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 29-31 март кунлари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи кутилмоқда.