Бешариқ Тожикистоннинг 500 минг аҳолиси учун транзит ҳудудга айланади – Мирзиёев
Жамият
−
28 Июль 2023
14801Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон шаҳрида Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирокидаги йиғилиш ўтказди. Йиғилишда давлат раҳбари Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги ишга солиш мумкин бўлган потенциал имкониятлар ҳақида тўхталди.
Президент Бешариқни Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан боғловчи кўприкдаги ишлар якунига етказилса, (қурилиш ишлари 70 фоиз бажарилган), йўл 5 баробарга қисқариши ва натижада Бешариқ Тожикистоннинг 500 минг аҳолиси учун транзит ҳудудга айланишини таъкидлади.
Бу Бешариқда камида 40 миллион долларлик сервис, савдо, сайёҳлик ва тиббиёт туризми объектларини барпо қилиш учун катта имконият ҳисобланади.
Шунингдек, тумандан ўтувчи магистраль автомобиль йўли бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил қилиб, камида 500 нафар аҳолини даромадли қилиш бўйича жами 8 миллион долларлик 60 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланган.
Тумандаги Сариқамиш кўлида экотуризм масканларини барпо қилиш, овчилик туризмини йўлга қўйиш учун тадбиркорлар 10 миллион доллар инвестиция киритиш таклифини билдирган. Шу орқали кўл атрофига ҳар йили 50 минг нафар сайёҳни жалб қилиб, туризм хизматларидан қўшимча 5 миллион доллар даромад топиш мумкинлиги қайд этилган.
Тумандаги 6 та маҳаллада жойлашган собиқ минерал ўғит сақлаш омборлари негизида тадбиркорлар 21 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобидан мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш ташаббусини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти саноат ишлаб чиқариши бўйича мамлакатда 12-ўринга тушиб қолганини таъкидлаганди. Шунингдек, Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини танқид қилди.
LiveБарчаси