Фарғона саноат ўсиши бўйича 12-ўринга тушиб қолган
Жамият
−
27 Июль 2023
4338Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирокидаги йиғилиш ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. Йиғилишда давлат раҳбари Фарғона вилояти бир пайтлар саноат ўсиши бўйича пешқадамлардан бири бўлган бўлса, ўтган олти ойда вилоятда саноат ҳажми 4,2 фоизга ўсиб, республикада 12-ўринга тушиб қолганини таъкидлади.
Саноат салоҳияти ҳамма туманда ҳам бирдек ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда 3 фоизга, Олтиариқда 1,3 фоизга ва Қувада 1,2 фоизга камайган.
Вилоятда аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмаслиги айтилди. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилгани таъкидланди.
Мебелчиликда вилоятда ўтган олти ой давомида 250 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса-да, Олтиариқ, Риштон, Данғара, Фурқат, Ёзёвон ва Фарғона туманларидаги жами мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10 миллиард сўмга ҳам етмагани урғуланди.
Шу билан бирга, вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар аҳволи ҳам қониқарли эмаслиги танқид остига олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент томонидан ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Ўринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими С. Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими А. Зиёвутдинов ва солиқ бошлиғи Т. Ҳусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш ҳамда инвестиция бўйича ўринбосарлари, Бағдод, Қува ва Бувайда туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.
Фарғона шаҳри ҳокими ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев вилоят ИИБ бошлиғи Муҳиддин Жўраевни лавозимидан озод этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь