Мирзиёев Фарғонада 2 ҳокимни ишдан олди, учтасига ҳайфсан берди
Жамият
−
27 Июль 2023
20009Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар иқтисодиёти билан танишиш мақсадида бугун, 27 июль куни Фарғона вилоятига боргани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари Қўқон шаҳрида видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирокида йиғилиш ўтказмоқда.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари бир қатор соҳаларда ишлар қониқарсиз ташкил қилинганини таъкидлади. Йиғилишда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилингани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, аҳоли яшаш жойидан узоқда жойлашгани, сув таъминоти оғирлиги сабаб 1157 гектар экин ерлари танловга қайта-қайта қўйилаётгани айтилди.
Вилоятда экинларни етиштириш учун харажатлар 1 сотих ер майдонига ўртача 220 минг сўмни ташкил қилиб, республика ўртача кўрсаткичидан 1,5 баробар кўп.
Шунингдек, ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 32 фоиз ер эгаларига туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани таъкидланди.
Инфляцияни жиловлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда ҳокимлар томонидан кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсиз экани қайд этилди.
Шу боис, ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Ўринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими С. Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими А. Зиёвутдинов ва солиқ бошлиғи Т. Ҳусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш ҳамда инвестиция бўйича ўринбосарлари, Бағдод, Қува ва Бувайда туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.
Фарғона шаҳри ҳокими ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.
LiveБарчаси