“Ҳокимлар қандай бош кўтариб юрибди?” Президент Фарғонада ҳокимларни аёвсиз танқид қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирокидаги йиғилиш ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. Йиғилишда давлат раҳбари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор-йўғи 25 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам атиги 12 миллион долларни ташкил этаётгани таъкидланган.

Марғилон шаҳрида, Ўзбекистон, Боғдод, Тошлоқ туманларида жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмагани алоҳида урғуланган.

“Давлат ажратган ҳар бир сўмга ҳокимларнинг ўзи ҳам камида шунча миқдорда инвестиция жалб қилиши бўйича топшириқ берганман. Бу борада, сўнгги уч йилда Фарғонага йўналтирилган ҳар бир миллион доллар давлат инвестициясига 2,7 миллион доллар хорижий инвестиция тўғри келган. Лекин, Фарғона шаҳри ва Олтиариқда давлат ажратган ҳар бир миллион долларга нисбатан 200 минг доллар кам, Бувайда туманида эса 300 минг доллар кам инвестиция жалб қилинган. Бу туман ва шаҳар ҳокимлари қандай қилиб бош кўтариб юрибди? Ҳар бирига инвестиция бўйича ўринбосар, 3-4 тадан алоҳида штатлар берилган бўлса!”, дея танқид қилган Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент томонидан ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Ўринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими С. Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими А. Зиёвутдинов ва солиқ бошлиғи Т. Ҳусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганди.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш ҳамда инвестиция бўйича ўринбосарлари, Бағдод, Қува ва Бувайда туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Фарғона шаҳри ҳокими ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона танқид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made