Берлин ҳайвонот боғида эгизак пандалар туғилди
Бу қизиқ
−
23 Август
2501Берлин ҳайвонот боғининг юлдузи бўлган Менг Менг лақабли улкан панда иккинчи марта эгизак фарзанд дунёга келтирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, панда болалари кеча, 22 август куни туғилган. Уларнинг вазни 169 ва 136 грамм, бўйи тахминан 14 сантиметр.
“Иккала боланинг аҳволи яхши, онаси ва тажрибали пандалар жамоаси уларга кечаю-кундуз меҳр билан ғамхўрлик қилишмоқда", дейилади ҳайвонот боғи баёнотида.
11 ёшли Менг Менг 2019 йил август ойида ҳам эгизаклар туққан. У 26 март куни сунъий уруғлантирилган, туғилишдан 11 кун олдин ультратовуш текширувида икки юракнинг уриши аниқланган.
Ҳайвонот боғининг таъкидлашича, одатда йирик пандалар эгизак туққанларида фақат битта болага қарайди, шунинг учун Хитойнинг Ченгду шаҳридаги йирик пандаларни етиштириш бўйича тадқиқот базасининг икки мутахассиси Менг Менгнинг болаларига ғамхўрлик қилишини қўллаб-қувватлаб туради.
Кичкинтойлар сут ичиш учун ҳар икки-уч соатда оналари билан бирга бўлишади ва Берлин шифохонаси томонидан совға қилинган инкубаторда парвариш қилинади.
Она-болалар дастлабки бир неча ойни панда омборида ўтказади ва ҳозирча ҳайвонот боғига ташриф буюрувчиларга кўрсатилмайди.
Маълумот учун, Менг Менг ва пандаларнинг отаси Жиао Қинг 2017 йилда Хитой билан кредит шартномаси доирасида Берлинга олиб келинган. Уларнинг биринчи Мен Сзян ва Мен Юань, шунингдек, Пит ва Пауле лақаблари билан ҳам танилган эгизаклари 2023 йилда Хитойга юборилган.
LiveБарчаси