“Арқадағ” афғон қочқинларини қабул қилишдан бош тортди 

Олам 13968
image

Кеча, 29 август куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ва Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТДҲ давлат ахборот агентлиги хабар берган.  

Президент суҳбатда Шарль Мишелнинг Афғонистондаги вазият бўйича баҳолари, шунингдек бу масалада кўп томонлама ҳамкорлик бўйича Европа томонининг қарашлари ҳақида диққат билан танишганини маълум қилган. 

Бердимуҳаммедовга кўра, Туркманистон Афғонистондаги вазиятни фақат тинч, сиёсий ва дипломатик чоралар билан ҳал қилиш, тинчлик ўрнатиш жараёнларини осонлаштириш учун Афғонистонга доимий гуманитар ёрдам кўрсатиш тамойилларига асосланади. 

Бердимуҳаммедов, шунингдек назорат-ўтказиш пункти нормал ишлаётганини таъкидлаган. 

“Афғонистонга етказиб бериладиган маҳсулотларнинг асосий қисмини нефть маҳсулотлари, суюлтирилган газ, дон ва халқ истеъмоли учун маҳсулотлар ташкил этади”, деган Президент. 

У Афғонистонга электр энергияси мунтазам етказиб берилишини, туркман дипломатлари “Толибон” билан доимий алоқада бўлишини қўшимча қилган. 

Қочқинларни қабул қилиш масаласига тўхталиб, Бердимуҳаммедов ҳозирги оғир эпидемиологик шароитда уларни қабул қилиш тўғрисида оқилона қарорлар қабул қилиш ва гуманитар масалаларнинг бошқа жиҳатлари билан бир қаторда, коронавирус инфекциясининг кенг миқёсда тарқалиш хавфига жиддий баҳо бериш кераклигини айтган.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 157
Рейтинг: 3
t
×