Белгородга яна ҳужум бўлди. 8 киши яраланди
Олам
−
01 Июнь 2023
7088Россиянинг Белгород вилоятидаги Шебекино шаҳрида кеча, 31 майдан бугун, 1 июнь тонггигача давом этган отишмалар оқибатида саккиз киши яраланди ва кўплаб бинолар зарар кўрди. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни вилоят губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг айтишича, Шебекинода Украина Қуролли кучлари томонидан ўқ узилишлар давом этмоқда. Бир кеча кундузда 8 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар йўқ.
Шунингдек, губернатор ўқ узиш тугаши билан маҳаллий ҳокимият тинч аҳолини эвакуация қилишини билдирган.
“Албатта, тинч аҳоли, аҳоли ҳаёти хавф остида. Биринчи навбатда Шебекино ва унинг атрофидаги қишлоқларда”, дея қўшимча қилган Вячеслав Гладков.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Украина Қуролли Кучларининг асосан руслардан ташкил топган ҳарбий қисмлари – “Рус кўнгиллилари корпуси” ва “Россия озодлик легиони” Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилоятига ҳужум бошлаган эди. Шундан сўнг тинч аҳоли Белгородни оммавий равишда тарк эта бошлаганди. 23 майга ўтар кечаси Белгород вилояти бир неча бор ўққа тутилди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладков минтақада аксилтеррор операцияси давом этаётганини айтди. Кейинчалик Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти ҳудудига бостириб кирган 70 дан ортиқ диверсант йўқ қилинганини билдирди. Бундан ташқари, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми бошланганини эълон қилди.
LiveБарчаси