Бекободдаги ИИБ биносида вафот этгани айтилаётган фуқаро иши доирасида бир ходим қамоққа олинди
3-саҳифа
−
26 Июнь
10866Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида судланувчининг акаси ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида тан жароҳати олиб, вафот этгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан бир ходим қамоққа олинди. Бу маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 19 июнь куни Бекобод шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е”, “к”, “л” бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Ю.нинг акалари 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаргани учун жамоат тартиби бузилиши юзага келган.
Ушбу ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.
ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаро Д.Ю. соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этгани аниқланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган ака-ука Д.Ю. ва Д.Ю. ларга нисбатан куч ишлатилгани ҳолати ўрганилаётганини маълум қилди. Ҳолат Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Шунингдек, Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, уларга таъзия билдирган. Бош прокуратурага эса Омбудсманнинг назорат хати юборилган.
“Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси