Президент Бекободдаги маҳаллага бориб, аҳоли билан суҳбатлашди
Жамият
−
17:44 571 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи давомида “Хос ёз” канали бўйи ва “Дўстлик” маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бир пайтлар эътибордан четда қолган, қаровсиз ва тартибсиз бўлган “Хос ёз” каналининг бўйи бугун шаҳарнинг энг гўзал гўшасига айланган. Эндиликда маҳаллалар яқинида барча қулайликларга эга замонавий экологик макон пайдо бўлган.
Ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича мастер-режа доирасида 3 километр узунликда махсус пиёдалар йўлаги ва 5,4 километрлик мустаҳкам тўсиқлар қурилган, 2 та кўприк қад ростлаган. Шунингдек, лойиҳа натижасида соҳил бўйида 27 та янги савдо ва замонавий хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, 167 та янги доимий иш ўрни яратилган.

Давлат раҳбари бу ерда спорт билан шуғулланаётган ёшлар билан суҳбатлашган.

“Дўстлик” маҳалласи ҳудуди ҳозир 28 гектарни ташкил этади. Бу ерда 33 та кўп қаватли уй, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, футбол майдони, 16 та спорт ва болалар майдончаси ҳамда кутубхона мавжуд.

Жорий йилда тадбиркорлар томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 10 та хизмат кўрсатиш объекти ва 1 та умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилган. Натижада 25 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан “Ватанпарвар боғи” ҳам барпо қилинган. Унда ҳарбий техника намуналари ўрнатилиб, хизмат кўрсатиш объектлари қурилган.

“Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан маҳалла ҳудудида Бекобод шаҳри музейи ташкил этилган. Маҳаллада нуронийлар ва меҳнат фахрийларининг дам олиши, учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун ёғоч конструкцияли ёзги шийпон қад ростлаган.

Давлат раҳбари маҳалладаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишган. Маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий мулоқот қилган.
“Барча амалга ошираётган ишларимиз, барпо этилаётган объектларимиз ва лойиҳаларимиз, аввало, аҳолига хизмат қилиши, инсонлар ҳаётини яхшилаши керак. Одамлар ўз маҳалласида, шаҳрида кечаётган ўзгаришларни ҳис қилиши, уларнинг самарасини кундалик ҳаётида кўриши керак.
Ҳар сафар ҳудудларга келганимизда инсонлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг нафасини, унинг янгиланиш ва тараққиёт шабодасини ҳис этиши зарур. Бекобод шаҳри ҳам ўзининг меҳнаткаш ва фидойи аҳолиси, иқтидорли ёшлари, ҳаёт тажрибасига эга нуронийлари билан янада обод ва тараққий этган масканга айланиши керак.
Биз ёшларимизнинг орзу интилишлари, нуронийларимизнинг эзгу ният ва мақсадлари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз”, дейди Президент.
Шунинг билан Президентнинг Бекободга сафари якунига етиб, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келган.
Live
Барчаси