Бекободда 950 миллион сўмни “ухлатган” мансабдорлар ушланди
3-саҳифа
−
26 Февраль
5954Тошкент вилояти Бекобод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ва бош ҳисобчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Бекобод туманида қонунбузилиши ҳолати аниқланган.
Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ва бош ҳисобчиси тикувчиликка ихтисослашган 3 та МЧЖ раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, 2023 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Бекобод туманида яшовчи 116 нафар фуқарога гўёки касаначилик фаолиятида зарур бўладиган асбоб-ускуналар етказиб берилганлиги тўғрисида расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш йўли билан 950 миллион 570 минг сўм пул маблағини талон-торож қилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари “Экскаватор-погрузчик” техникасини ҳақиқий баҳосидан 215,1 млн сўмга қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланганди. Тошкентда эса “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси, бош муҳандиси ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказгани маълум бўлганди.