Байденни Путин билан учрашувга АҚШ разведкаси тайёрлаган — “Time”

Олам

image

Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путин бир неча кунлардан кейин, аниқроғи 16 июнда Швейцариянинг Женевасида юзма-юз учрашиши ҳақида хабар берган эдик. 

Байден Путин билан учрашувда қаттиқ ва дадил гапиришни режалаштираётган бўлса-да, унинг мақсади — Путиннинг қизиққонлигига чек қўйиб, икки мамлакат ўртасидаги зиддиятни юмшатиш. АҚШ Президенти Россия раҳбари билан учрашувга қаттиқ тайёргарлик кўрди. Бу ҳақда Американинг “Time” журнали ўз манбаларига таяниб ёзмоқда

Маълум қилинишича, Байденни Путин билан учрашувга АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс, СССРнинг парчаланиши арафисидаги АҚШнинг Москвадаги собиқ  элчиси тайёрлаган.

Уилям Бернс ва бошқаларнинг фикрига кўра, Москванинг ҳаракатларини “Совуқ уруш” давридагидек жиловлаш керак. “Путин қаерга бормасин, у қаршиликка учраши керак”, дейди АҚШ Президенти маъмуриятнинг юқори лавозимдаги расмийси.

Қайд этилишича, Жо Байден ушбу учрашувни бошқаришга қодир. У Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси ҳамда вице-президент сифатида АҚШ-Россия муносабатлари бўйича ўнлаб йиллар давомида сиёсий баҳсларда қатнашган. 

АҚШ Президентининг ушбу учрашувга қанча вақт тайёргарлик кўргани борасидаги саволга Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки: “У 50 йилдан бери тайёргарлик кўрмоқда”, дея жавоб қайтарган.

“Бу тажриба Байденга Путин билан юзма-юз учрашганда устунлик бериши мумкин. АҚШнинг собиқ Президенти Жорж Буш 2001 йилда Путин билан учрашганда унга ишониши ва “унинг қалбини ҳис қила” олганини айтганди. Бушдан фарқли ўлароқ Байден Путинга ишонмаслиги ва унда “руҳ” йўқлигини айтмоқда”, дея ёзади нашр.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Владимирович америкалик журналистга берган интервьюсида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампдан фарқли равишда Жо Байденни ҳақиқий сиёсатчи ва профессионал, деб билишини айтганди.

Маълумот ўрнида, яқинда Россия ва АҚШ давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувга Швейцария қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Учрашув XVIII асрга оид қасрда бўлиб ўтади. Хавфсизликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўша куни маҳаллий аҳолининг кўчага чиқмаслиги сўралган ва ҳатто учрашув вақтида мамлакат ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпилиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг