Байдендан ақлий қобилиятини тестдан ўтказиш ёки президентлик пойгасидан чиқиш талаб қилинмоқда
Олам
−
26 Апрель 2023
7431Барак Обаманинг собиқ врачи Ронни Жексон амалдаги Президент Жо Байдендан когнитив тест топшириш ёки 2024 йилги Президентлик сайловларида қатнашмасликни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.
Маълум қилинишича, Оқ уйда бир неча Президентларнинг шахсий шифокори бўлиб хизмат қилган Ронни Жексон Жо Байден кеча, 25 апрель куни иккинчи муддатга сайланиш учун курашишни расман эълон қилганидан кейин буни талаб қилиб чиққан.
“Биз сизни зудлик билан истеъфога чиқишга ва қайта сайланиш учун аризангиздан воз кечишга ёки клиник жиҳатдан тасдиқланган когнитив тест топшириб, натижаларини жамоатчиликка тақдим этишга чақирамиз”, дейилади у йўллаган мактубда.
Хатда бир қанча оммавий сўровлар ва таҳлилларга кўра, кўплаб америкаликлар Байденнинг ақлий жиҳатдан соғлиғига шубҳа қилаётгани ёзилган.
“2020 йилги президентлик сайловларида қатнашиш учун аризангизни биринчи марта эълон қилганингизда, когнитив қобилиятингиз билан боғлиқ саволлар ва хавотирлар пайдо бўлди. Сайланганингиздан кейин сизнинг ақлий заифлашувингиз ва унутувчанлигингиз аниқроқ намоён бўлгани натижасида хавотирлар ортди.
Америка халқи ўз Президентига нисбатан мутлақ ишончга эга бўлиши ва у давлат раҳбари ва Бош қўмондон сифатида ўз вазифаларини бажара олишини билиши керак. Шунинг учун, Америка халқи ўзи сайлаган раҳбарининг ақлий имкониятлари ҳақида тўлиқ шаффофликка лойиқдир”, дейилади Жексоннинг хатида.
Бу каби талаблар олдин ҳам бир неча бор янграган. Масалан, Президентни когнитив тестдан ўтказиш ҳақидаги чақириқ 2022 йилнинг июль ойида 50 дан ортиқ Республикачилар томонидан имзоланган эди.
Байденнинг ақлий қобилиятига нисбатан шубҳалар бежизга эмас. Мисол учун, у жорий йилнинг март ойида Канадага ташриф буюрганида унинг номини Хитой билан адаштириб юборганди. Шунингдек, январь ойида Оқ уйда нутқ сўзлаш вақтида адашиб, вице-президент Камала Харрисни “президент” деб атаганди. Бундан ташқари Байденнинг нутқ вақтида “йўқ одамлар” билан гаплашиши ёки уларга қўл бериши ҳолатлари ҳам тез-тез юз бериб туради.
Ушбу камчилик Республикачилар партияси вакилларининг ва бошқа давлат арбобларининг истеҳзоларига сабаб бўлиб келади. Хусусан, Байден бўлажак сайловларда қатнашишини эълон қилганидан сўнг Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдириб, унда Байденни “умидсиз бобой” деб атаган ҳамда америкалик ҳарбийларга Байден сайловда ғалаба қозонган тақдирда ядровий қуролларнинг сохта паролли қалбаки чамадонини тайёрлашни маслаҳат берган.
Маълумот учун, АҚШ Президенти ҳозирда 81 ёшда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15